Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини яна бир бор танқид қилди ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни яна Адольф Гитлерга қиёслади. Бу ҳақда Hurriyet хабар берди.
Туркия президенти Исроил ҳукумати фаластинликларнинг “мисли кўрилмаган қирғинлари” учун жазоланишини айтди.
“Биз ҳақиқатни фош қилишда ва Исроил содир этган қотилликлар ҳақида гапиришда давом этамиз. Ҳамма тушунсин, Нетаньяху замонамизнинг Гитлери ва унинг шериклари жавобгарликдан қочиб қутула олмайди. Эртами-кечми адолат, судда бўлмаса, тарих олдида ғалаба қозонади”, — деди Туркия президенти.
Шунингдек, Эрдўғон Исроилни оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳужум қилишда айблади. Туркия президентининг сўзларига кўра, бу билан Исроил расмийлари Ғазо секторидаги “оммавий қотиллик” изларини ўчириб ташламоқчи.
“Улар қандай ҳаракат қилмасин, биз Исроил томонидан содир этилган жиноятларга оид барча ҳужжатларни Халқаро судга топширдик ва буни давом эттирамиз”, — деди сиёсатчи.
Бу Эрдўғоннинг Исроил бош вазирини Гитлерга қиёслаши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас, Туркия президенти 2023 йил ҳам Нетаньяхуни Ғазода содир этган ҳарбий жиноятларини Гитлер бошчилигидаги фашистлар режимининг ҳаракатларига қиёслаганди.
Бундан аввал у Нетаньяхуни ҳарбий жиноятчи деб атаган ва 3 мингга яқин адвокат Халқаро жиноий судга Исроил бош вазирини Ғазода содир этаётган жиноятлари учун жавобгарликка тортишни талаб қилиб даъво киритгани ҳақида хабар берган.
Изоҳ (0)