Бразилиянинг Порту-Алегри шаҳридаги меҳмонхона биносида 26 апрель куни ёнғин келиб чиқиши оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera нашри Лотин Америкаси манбаларига асосланиб, хабар берди.
Манбада айтилишича, ёнғин оқибатида камида 11 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар сони ҳам ошиши тахмин қилинган.
Порту-Алегридаги суд-тиббиёт экспертлари ёнғин сабабларини аниқлаш ва қурбонларнинг шахсини аниқлаш устида иш олиб бораётгани хабар қилинган. Порту-Алегри шаҳридаги ёнган меҳмонхона уйсизлар учун вақтинчалик бошпана сифатида фойдаланилаётган бўлган.
Рио Гранде-до-Сул штати ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, жума куни фавқулодда вазиятлар ходимлари тегишли рухсатсиз ишлаётган Garao Floresta меҳмонхонасида 10 нафар қурбон борлигини тасдиқлаган. Ёнғин 26 апрель куни маҳаллий вақт билан 02:00 атрофида содир бўлган. Ўт ўчирувчилар уни назорат остига олиш учун тахминан уч соат вақт сарфлаган.
Порто-Алегри мэри Себастяо Мело Х саҳифасида кўплаб жароҳатланганлар қутқариб, касалхонага етказилгани ҳақида ёзган. Уларнинг умумий сони ҳақида маълумот берилмаган. Маҳаллий матбуот ярадорлар сони 11 кишини ташкил этиши, баъзиларининг аҳволи оғир эканини хабар қилмоқда.
“Ёнғин бўлими ёнғинни ўчириш учун бешта машина ва ўнлаб ўт ўчирувчиларни жўнатди. Биз ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини текшириш устида ишлашни давом эттирамиз. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирамиз”, — дейилган расмийлар тарқатган хабарда.
Изоҳ (0)