Европада урушнинг охирги кунлари, бутун дунё эътибори Берлинга қаратилган, Рейхканцелярия бункерида Адольф Гитлер билан бирга немис нацизми йўқликка айланаётган бир пайтда фюрернинг асосий иттифоқчиси — Италия фашистлари етакчиси Бенито Муссолини сояда қолиб кетгандек эди гўё.
1945 йил апрелнинг иккинчи ярмидан бошлаб Гитлер кундан кунга яшаш умидидан маҳрум бўлиб борган бўлса, дуче сўнгги дақиқаларга қадар омон қолиш учун курашди. Муссолини ва Гитлер муносабатлари мураккаб эди. Италия фашистлари етакчиси ўз юртида ҳокимиятга 1922 йилда, Гитлер Германияни қўлга олишидан ўн йиллар олдин келганди.
Аммо 1940 йиллар бошида Муссолини икки давлат иттифоқида Гитлернинг “кичик шериги”га айланиб, ўз сиёсатини Германия томон ўзгартиришга мажбур бўлди. Муссолини аҳмоқ эмасди. Уруш қанча узоқ давом этса, Италия Гитлер билан иттифоқчиликни ўрнатиб, катта хатога йўл қўйганини англаб турарди. Бу борада испаниялик каудилё Франко анча эҳтиёткор эди — у АҚШ ва Буюк Британия билан келишгани боис Иккинчи жаҳон урушидан омон чиқди ва ундан кейин яна 30 йил ҳокимият тепасида қолди. Бироқ Гитлернинг қучоғига чирмашиб кетган Муссолинида бундай имконият йўқ эди.
Гитлернинг қўғирчоғи
1943 йилда, иттифоқчи кучлар Сицилияга жойлаштирилгач, дученинг кечаги ҳамтовоқлари Муссолинидан қутулиш ҳақида ўйлай бошлайди — бу орқали улар Италияни урушдан олиб чиқмоқчи бўлади. Натижада мамлакат раҳбари лавозимдан олинади ва 25 июль куни ҳибсга ташланади.
Шу йилнинг 12 сентябрда Гитлернинг буйруғига биноан Отто Скорсени бошчилигидаги немис десантчилари Муссолинини қамоқдан ўғирлаб, Германияга олиб келишга муваффақ бўлади. Аммо фюрер қаршисида турган дуче олдингидек салобатга эга эмасди. Муссолини соғлиғидан шикоят қилиб, сиёсатдан кетмоқчи эканини айтади. Гитлер том маънода уни Италия шимолида жойлашган, антигитлер каолицияси билан уруш олиб бораётган Италия социал республикасини бошқаришга мажбурлайди.
1943 йилга келиб Муссолини мустақил сиёсатчи эмасди. “Италия социал республикаси” 100 фоиз немислар томонидан назорат қилинар ва дуче уларнинг қўлидаги қўғирчоққа айланган эди. Унинг шахсий иродаси етган ягона нарса — бу яқин атрофидаги сотқинлар билан ҳисоб-китоб қилиш. Улар орасида дученинг куёви Галеатссо Чиано ҳам бўлиб, кейинроқ у ўлимга ҳукм қилинади ва отиб ташланади.
Муссолини ўзининг нақадар оғир вазиятга тушиб қолганини яхши англарди. 1945 йилда у журналист Маделин Моллирга берган интервьюсида шундай дейди: “Ҳа, хоним, мен тугатдим. Менинг юлдузим қулади. Мен ишлаяпман ва ҳаракат қиляпман, бироқ биламанки барчаси — фақатгина майнавозчилик… Трагедиянинг охирини кутмоқдаман — ўзимни актёр сифатида ҳис қилмаяпман. Мен охирги томошабинлардан биридекман”.
Швейцарияга қочиш
1945 йил апрель ойининг ўрталарида немислар дучега “ғамхўрлик” қиладиган аҳволда эмасди ва у бундан фойдаланиб, ўз эркини қўлига олишга ҳаракат қилади. Унга бошқа ҳеч нарса керак эмасди — Муссолини таъқибдан қочиб, ҳаётини сақлаб қолса бас эди.
Бунинг учун у Италия Қаршилик кучлари вакиллари билан музокара ўтказади, аммо ўзи учун ҳеч қанақа кафолатга эриша олмайди. Муссолинида савдолашиш учун ҳеч қандай куч қолмаганди. Миландаги омадсиз якунланган музокаралардан кейин Муссолини ўзига яқин бўлган инсонлар билан Комо шаҳрига йўл олади ва у ердаги маҳаллий префектура биносига жойлашади. Комода у рафиқаси Ракеле Муссолини билан сўнгги бор кўришади.
Дуче Италияга йўл олишга қарор қилади. 26 апрель тонгида рафиқаси билан хайрлашиб, ўзига содиқ бўлган кичик бўлинма билан Муссолини Комо кўли орқали Менажо қишлоғига боради, у орқали Швейцария томон чиқиб кетиш мумкин эди. Дуче билан кетишга ҳамма ҳам рози бўлмайди. Гап шундаки, мазкур ҳудудда италян партизанлари фаол ҳаракат олиб борар, улар билан тўқнашув эса муқаррар ўлим дегани эди. Муссолини гуруҳига унинг охирги маъшуқаси Клара Петаччи ҳам қўшилади.
Муссолинига ёрдам бермаган немис формаси
27 апрелга ўтар кечаси дуче Швейцарияга яширинишни мақсад қилган 200 нафар аскардан иборат немис бўлинмаси билан учрашади. Муссолини ўз одамлари билан немисларга қўшилиб олади. Орзу қилинган мақсадга озгина қолгандек эди. Аммо шу куни немислар йўлини граф Беллини дела Стелла қўмондонлик қилган 52-гарибалди партизанлар бригадаси тўсади. Юзага келган отишмадан кейин немис бўлинмаси командири музокарага киришишга мажбур бўлади.
Партизанлар ўз талабларини ўртага қўяди — немислар йўлини давом эттиришлари мумкин, Италия фашистлари эса топширилиши керак. Дуче учун ўлиб кетиш немислар режасига кирмасди, бироқ улар барибир олийжаноблик кўрсатиб унга немислар формасини кийгизган ҳолда аскар сифатида олиб ўтмоқчи бўлишади.
Партизанлар томонидан ўтказилган дастлабки иккита текширув натижасида машинада ҳеч нарса аниқланмайди, аммо улар учинчи текширувни ҳам амалга оширади. Афтидан, кимдир колонна ичида Муссолини ҳам борлиги тўғрисида маълумот берган. Натижада партизанлардан бири уни таниб қолади. Дуче қўлга олинади.
Партизанлар Клара Петаччининг юзини танимагани боис уни ушлаш ниятида ҳам бўлмаган. Аммо 61 ёшли Муссолинини ҳаддан ортиқ севган 33 ёшли аёл ўз хоҳиши билан унинг тақдирига шерик бўлади.
“Полковник Валерио”нинг миссияси
Муссолини маъшуқаси билан бирга Донго қишлоғига олиб борилади ва улар деҳқон Жакомо де Марининг хонадонида умрининг охирги тунини ўтказадилар. Шу соатларда Муссолинининг тақдири ҳал бўлаётган эди. Омон қолган тарафдорлари уни озод қилиш бўйича операция тайёрлайди, Британия—Америка қўшинлари қўмондонлиги эса италян фашистлари етакчисининг топширилишини талаб қилади… Италян партизанлари орасида “полковник Валерио” номи билан танилган Валтер Audiзио барчани ортда қолдиради. У Италия миллий озодлик қўмитасидан фавқулодда ваколатлар бериш мандатини олади.
28 апрель куни “полковник” ўз бўлинмаси билан Донгога етиб келиб, Муссолини ва Петаччини олиб кетади. Валтер Audiзио Муссолинига уни қутқариш учун келганини айтади. Умиддан чақнаб кетган дученинг кўзлари партизанлар куч билан уни машинага ўтирғизганида сўнади.
Сафар узоқ давом этмайди. Машина Жулиано ди Медзегра қишлоғи ёнида тўхтайди. Йўл бўйида бу қадар баланд бўлмаган тош девор бўлиб, ортидаги боғ ва катта уй кўриниб турарди. Автомобиль дарвоза қаршисида тўхтайди.
Фашистлар етакчиси учинчи уринишда отиб ташланади
“Полковник Валерио” иккита партизанни бегоналар келадиган бўлса, хабар беришлари учун кузатувга юборади. Муссолинига машинадан тушиб, девор қаршисига бориш буюрилади. Петаччи яна ўз хоҳиши билан унинг ортидан эргашади.
“Полковник Валерио” Италиядаги асосий партизан гуруҳларини бирлаштириб турувчи Озодлик кўнгиллилар корпуси номидан ўлим ҳукмини ўқиб эшиттиради. Муссолини тақдирга тан бериб турарди, Петаччи эса даҳшатдан жазавага тушади. У танаси билан дучени тўсган ҳолда партизанларга бақиради “Ҳаддингиз сиғмайди!”.
“Полковник Валерио” автоматни Муссолинига йўналтиради ва тепкини босади, бироқ қурол отилмайди. Унинг ёнида бўлган ёрдамчиси пистолет орқали ҳукмни ижро этмоқчи бўлади, аммо у ҳам ишламай қолади. Шунда йўлни қўриқлаётган партизанлардан бири Микеле Moreтти исмли партизан ёрдамга келади. Бўлинма командири қўл остидаги аскарнинг қуролини олиб, ўт очади. Орадан узоқ йиллар ўтгач, Moreтти дучени шахсан ўзи отиб ташлаганини ҳам айтган.
Нима бўлганда ҳам биринчи ўқ Клара Петаччига тегади. “Полковник Валерио” унинг ўлимини фожиавий тасодиф деб атаган. Бир неча сониядан кейин девор остида икки жасад ётарди. Қатл 1945 йил 28 апрель, соат 16:10 да амалга оширилган эди.
Муссолини ва Петаччининг жасадлари Миланга олиб кетилади. Бир вақтнинг ўзида яна беш нафар фашистнинг жасади ҳам у ерга олиб борилганди. Эртаси куни салкам бир йил олдин 15 нафар италиялик партизан қатл этилган “Пясса Лорето” майдони яқинидаги автозаправкада дуче ҳамда унинг севгилиси жасадлари боши пастга қаратилган ҳолда осиб қўйилади. Майдонга тўпланган оломон уларга тош ва турли чиқинди улоқтиради.
1 май куни Муссолини ва Петаччи Музокко қабристонидаги қашшоқлар учун мўлжалланган номсиз қабрга дафн этилади. Ҳатто шундан кейин ҳам Муссолининг жасади ором топмайди. 1946 йилда улар қайта ковлаб олинади ва фашистлар томонидан ўғирлаб кетилади. Орадан бир неча ойдан кейин топилгач эса уни қандай кўмиш борасида қаттиқ баҳс-мунозара юзага келади ва Муссолини жасади яна 10 йил кўмилмай қолиб кетади. Охир-оқибат Бенито Муссолининг қолдиқлари Предаппио шаҳридаги оилавий қабрга дафн этилади.
Изоҳ (0)