Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлими ва 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлган “Док-1 Макс” сиропи иши бўйича апеллация шикоятини кўриб чиқаётган судлов ҳайъати таркибига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда суднинг бугун, 29 апрель куни давом этган навбатдаги мажлисида маълум қилинди, дея хабар берди “Дарё” журналисти.
Судлов ҳайъати раиси Музаффар Аҳмедовга кўра, ўзгартириш судья Дилмурод Валиевнинг бошқа ишга ўтиши билан боғлиқ.
Бироқ “Дарё” манбаси суд таркибидаги ўзгартириш адвокат Даврон Аҳмадовнинг суд таркибини рад этиши билан боғлиқ ҳолат эканини айтмоқда.
Адвокат Даврон Аҳмадов 2024 йилнинг 22 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида судлов ҳайъати ва суд котибига раддия билдирганди. Қолаверса, ҳимоячи судлов ҳайъати ёрдамчиси Давлат Олимовга интизомий жазо берилишини сўради ва бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раисига маълумот киритилишини талаб қилди. Суд мазкур илтимосномаларни рад қилганди. Шунга қарамасдан суд таркиби ўзгартирилди.
“Дарё” журналистининг аниқлик киритишича, 2024 йилнинг 29 апрель куни соат 11:40 (суд давом этаётган ва ажрим эълон қилинганидан сўнги вақт) ҳолатига кўра, Дилмурод Валиевнинг лавозими ўзгармаган. У ҳамон Тошкент шаҳар суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси сифатида ишламоқда.
Изоҳ (0)