Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бугун, 29 апрель санасида Осиё Кубоги ярим финал доирасидан ўрин олган учрашувда Индонезияга қарши майдонга тушади. Учрашув олдидан икки жамоа ҳақида батафсил тўхталамиз.
Ярим финалгача йўл
Индонезия жамоаси саралаш ўйинларида муваффақиятли қатнашди. Жамоа Туркманистон ҳамда Хитой Тайпейи термаси билан бир гуруҳдан жой олди. Туркманистон термасига 2 та ҳамда Хитой Тайпейи жамоасига 9 та гол урган Индонезия ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб, гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган ҳолда Қатардаги мусобақага йўл олди.
Қатардаги мусобақада Индонезия мезбонлардан ташқари Австралия ҳамда Иордания термалари билан А гуруҳидан ўрин эгаллади.
Биринчи турда Қатардан мағлубиятга (0:2) учраган индонезияликлар иккинчи турда сенсацион тарзда Австралияни мағлуб этди — 1:0. Ҳал қилувчи турда Иорданияни йирик 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратган жамоа иккинчи ўрин билан чорак финалга йўл олди.
Индонезия чорак финал баҳсида Қатарга ташриф буюрган энг тажрибали жамоалардан бири — Жанубий Корея билан баҳс олиб борди. Учрашувнинг асосий дақиқаларида дуранг (2:2) ўйнаган жамоалар пенальтилар сериясида ғолиб номини аниқлади. Узоқ чўзилган пенальтилар сериясида Индонезия 11:10 ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финалга йўл олди.
Тўпурарлар
Гуруҳ ўйинлари ҳамда чорак финал баҳсини қўшиб ҳисоблаганда жамоа 7 бора рақибларини ранжитди. Индонезия таркибида Марселино, Команг ҳамда Струик иккитадан голга муаллифлик қилган. Витан ҳисобида битта гол мавжуд.
Натижалари
Қатардаги мусобақа жамоа учун дебют ҳисобланади. Индонезия аввалги беш мусобақа саралашида муваффақиятли қатнаша олмаган. Ушбу мусобақада омадли қатнашаётган Индонезия ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этмоқда.
Энг қиммат ўйинчи
Индонезия таркибидаги энг қиммат футболчи Ризки Ридо ҳисобланади. Transfermarkt 22 ёшли футболчини 400 минг еврога баҳолаган. Ризки ҳозирда “Персижа Жакарта” клубида ўйнайди.
Бош мураббий фикри:
“Ўзбекистон термаси жисмоний ҳолатдан жуда кучли. Аммо биз эртага Индонезия халқи учун боримизни берамиз. Ўзбекистон термасининг Саудияга қарши ўйинини кўрдим, жамоа жуда сифатли ўйин кўрсатмоқда. Жамоа тўп билан жуда тез ҳаракат қилади. Ярим финалда осон бўлмайди аммо биз ҳам ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик”, — дейди Индонезиянинг кореялик бош мураббийи Ши Те Ёнг.
Ўзбекистон термаси учун ушбу ўйиннинг қиймати жуда юқори. Жамоа ўз тарихида илк бор Олимпияга йўл олиш учун яхши имкониятга эга.
Ярим финалгача йўл
Ўзбекистон Олимпия жамоаси Осиё Кубоги саралаши доирасидаги барча учрашувда ғалаба қозонди. Биринчи турда Афғонистон 8:1 ҳисобида таслим этилди. Иккинчи турда Ўзбекистон Олимпиячилари ўз тарихидаги энг йирик ғалабага эришди — 10:0. Эрон билан сўнгги учрашув курашларга бой бўлди. Аббосбек Файзуллаевнинг 47-дақиқада урган голи терма жамоанинг 9 очко билан гуруҳ ўйинларини биринчи ўрин билан якунлашига замин яратди.
Қатардаги мусобақада D гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон олимпиячилари биринчи тур ўйинини Малайзияга қарши ўтказди. Учрашувда Жалолиддинов ва Ҳошимовлар ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
Иккинчи турда Ўзбекистон Кувайт устидан йирик 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Якуний турда Вьетнам таслим этилди. Бу сафар Одиловнинг дубли ва Жияновнинг голи эвазига Ўзбекистон 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳни биринчи ўринда якунлади. Чорак финалда Саудия Арабистони таслим этилди. Биринчи таймга қўшиб берилган вақтда Норчаев чиройли тарзда гол уриб ҳисобни очди. Раҳмоналиевнинг 84-дақиқадаги голи учрашувнинг якуний ҳисоби 2:0 бўлишини таъминлади.
Эътиборлиси, Ўзбекистон Олимпия жамоаси ҳозиргача ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмади.
Тўпурарлар
Ўзбекистон Олимпиадачилари гуруҳ ўйинларида 10 бора, чорак финалда 2 бора рақиблар дарвозасига йўл топди. Қизиқарли томони, Ўзбекистон футболчиларидан Одилов ҳамда Норчаев ўз ҳисобига иккита гол ёздиришга эришди. Қолган 8 голга 8 та футболчи муаллифлик қилди.
Натижалари
Ўзбекистон Олимпия термасининг энг яхши натижаси ҳам чемпионлик ҳисобланади. Жамоа 2018 йилда Хитойда ўтказилган мусобақада Равшан Ҳайдаров бошчилигида ғолибликни нишонлаган.
Олимпия жамоаси 2022 йилда Тошкентда ўтказилган мусобақаларнинг финалида мағлубиятга учраган.
Энг қиммат ўйинчи
Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг энг қиммат ўйинчиси сифатида Аббосбек Файзуллаев кўрсатилган. Transfermarkt унинг тахминий трансфер нархини 5 миллион еврога баҳолаган. Аббосбек ҳозирда Россиянинг “ЦСКА” клубида ўйнаб келмоқда.
Бош мураббий фикри
“Корейс халқининг урф одат ва яшаш тарзини яхши биламан. Футболчилик фаолиятимда давомида кўп маротаба Корея билан тўқнаш келганман ( P.S. Жанубий Кореялик Индонезия термаси бош мураббийи жамоага корейс ўйин стилини қўшишга ҳаракат қилмоқда). Уларнинг футбол фалсафасидан яхши биламан ва уларнинг кучли жиҳатларидан хабардорман. Эртанги учрашувга ҳар томонлама тайёрмиз.
Аввалги учрашувларда Индонезия терма жамоасининг мухлислари ўз миллий жамоасини қандай қўллаб қувватлашини билиб олдик. Лекин бу биз учун муаммо бўлмайди, Осиё ўйинларида ҳам Индонезияга қарши ўйнаганимизда шундай ҳолат бўлган эди. Футболчилар ҳар томонлама учрашувга тайёр”, — дейди Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе.
Сўнгги ўйин натижалари
Ўзбекистон — Индонезия 2:0 (Осиё Ўйинлари 2023 йил, 28 сентябрь);
Индонезия — Ўзбекистон 0:0 (Ўртоқлик учрашуви 2018 йил, 3 май).
Учрашув ҳақида
Индонезия ва Ўзбекистон Олимпия жамоалари ўртасидаги учрашув бугун 29 апрель куни бўлиб ўтади. Аbdullah Bin Khalifa Stadium’да бўлиб ўтадиган ўйин 19:00 да бошланади. Ғолиб жамоа финалда Япония — Ироқ учрашуви ғолибига қарши баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)