Бугун, 20 август куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қирғизистон президенти администрацияси раҳбари – Вазирлар маҳкамаси раиси Адилбек Қасималиев билан учрашди.

Ўзаро мулоқотда икки давлат президентлари томонидан эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш масаласи муҳокама қилинган.

“Мамлакатларимизни бирлаштириб турадиган энг асосий жиҳат — бу минтақада ҳамкорлик ва қўшничиликни мустаҳкамлашга қаратилган умумий интилишдир. Марказий Осиё — қўшнилар бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган умумий уйимиздир ва бунга етакчиларимизнинг оқилона сиёсатлари туфайли эришилди. Очиқ чегаралар, қўшма иқтисодий лойиҳалар, сувдан фойдаланиш масалаларини ҳал этиш — бизда умумий мавзулар жуда кўп. Президентларимиз томонидан эришилган келишувларни тўлиқ амалга оширишда Президент администрациялари яқин ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олдик”, деб ёзган Саида Мирзиёева Telegramдаги каналида.

Аввалроқ Ўзбекистон Президент администрацияси раҳбари Қирғизистон президенти билан учрашгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)