АҚШ президенти Дональд Трамп ноқонуний мигрантларга қарши курашиш учун Мексика билан деворни қора рангга бўяшни буюрди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.

Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм 19 август куни Нью-Мексико штатидаги девор қисмини кўздан кечирди.
АҚШ ва Мексика чегарасидаги бутун девор янада иссиқроқ бўлиши ва ноқонуний иммиграцияни тўхтатиши учун қора рангга бўялади, деди Ноэм.
У тегишли қарор АҚШ президентининг махсус талаби эканини таъкидлади. Бу “ғоя”нинг муаллифи ва ишлар қачон тугалланиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Президент иссиқ об-ҳавода қора ранг кучли қиздиришини ва одамлар девордан ошиб ўтиши анча қийинлашишини яхши тушунади, деди Ички хавфсизлик вазири.
Унинг фикрича, металл деворни қора рангга бўяш чегаранинг нариги томонида турган одамларнинг АҚШга ноқонуний кириш истагини камайтиради. АҚШ чегара хизмати раҳбари Майк Бенкс эса бўёқ занглашнинг олдини олишга ҳам ёрдам беришини айтмоқда.

АҚШга ноқонуний муҳожирлар оқими ўн баробарларга камайди
Мексика билан чегара деворини қуриш Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида иммиграция сиёсатининг асосий йўналиши бўлган. Иккинчи муддатида эса президент кўпроқ мигрантларни депортация қилиш дастурларига эътибор қаратди. Бу мақсад учун Ички хавфсизлик вазирлигига қарийб 46 млрд доллар (тахминан 40 млрд евро) ажратилиши белгиланган.
Тележурналистлар таъкидлашича, Трамп маъмурияти девор қурилишини якунлашда қатъий турибди. Уларнинг маълумотига кўра, 2025 йил июнь ойида АҚШнинг жанубий чегарасида атиги 6 мингдан сал кўпроқ киши қўлга олинган. Бу сўнгги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Изоҳ (0)