Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида автобус иштирокида юз берган йирик йўл-транспорт ҳодисасида 73 киши, жумладан, 17 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Кобулга йўл олган автобус юк машинаси (“Mazda”) ва мототцикл билан тўқнашиб, ёниб кетган. Автобусдаги барча йўловчилар, шунингдек, бошқа транспорт воситаларидаги 4 киши ҳам ҳалок бўлган. Шаҳар ҳокимлиги вакили Муҳаммад Юсуф Саидий барча йўловчилар Эрон томонидан депортация қилинганлар эканини тасдиқлаган. Ҳодиса автобус ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги ва ҳаддан ортиқ тез ҳайдагани оқибатида содир бўлгани айтилмоқда.
Эрон олдинроқ ҳужжатсиз афғонларнинг ихтиёрий равишда мамлакатни тарк этиши учун июль ойига қадар муддат берган эди. Аммо июнь ойида Исроил билан қисқа муддатли урушдан сўнг, мамлакат расмийлари миллий хавфсизлик муаммоларини иддао қилиб, юз минглаб афғонларни мажбуран ватанига қайтарган.
БМТ Қочқинлар агентлиги маълумотларига кўра, январь ойидан бери 1,5 миллиондан ортиқ афғонистонлик Эронни тарк этишга мажбур бўлган. Экспертлар фикрича, Афғонистон мажбуран қайтарилган бу қадар кўп фуқарони қабул қилишга тайёр эмас. Мамлакат ҳозирда Покистондан қайтаётган юз минглаб муҳожирлар оқими билан ҳам курашмоқда.
Изоҳ (0)