АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ушлаб олинган муҳожирларни Луизиана штатидаги “Ангола” қамоқхонасига юбориш ниятида эканлигини билдирди. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) газетаси ўз манбаларига асосланиб эълон қилди.

Маълум қилинишича, ҳукумат ушбу муассасада маҳбуслар учун тахминан 450 та ўрин ажратилишини кутмоқда, режа эса сентябрь ойи бошида амалга оширилиши кўзда тутилган.
“Ангола” АҚШдаги энг йирик қаттиқ тартибли қамоқхона ҳисобланади ва илгари мамлакатдаги энг “қонли” қамоқхоналардан бири сифатида танилган эди.
WSJ ёзишича, муҳожирларни Луизианага жойлаштириш АҚШга ноқонуний муҳожирлар учун янги марказ қуришга кетадиган маблағни тежаш имконини беради. Газета таъкидлашича, агар лойиҳа амалга ошса, муҳожирлар маҳбусларнинг 70 фоиздан ортиғи зўравонлик жиноятлари учун ҳукм қилинган муассасада жазони ўташга мажбур бўлади.
АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) 200 дан ортиқ муҳожирларни вақтинча сақлаш марказларини бошқаради. 4 июль куни Трамп ушлаб турилган муҳожирларни сақлаш хизмати имкониятларини кенгайтириш учун 45 миллиард доллар ажратишни назарда тутувчи давлат харажатлари тўғрисидаги қонунни имзолади.
Бундан аввал АҚШ президенти Дональд Трамп Савдо вазирлигига мамлакат аҳолисини қайта рўйхатга олиш борасида топшириқ берганди. Унга кўра, эндиликда Қўшма Штатларда ноқонуний яшаётган мигрантлар рўйхатга киритилмайди.
Изоҳ (0)