Олимлар Ердан атиги 4 ярим ёруғлик йили узоқликда жойлашган Alfa Sentavr юлдуз тизимида улкан газли сайёра ва юлдузнинг мавжудлигига оид янги далилларни эълон қилди. Бу ҳақда НАСА маълумотларига таяниб, BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, газли сайёрада яшашга шароит мавжуд эмас, бироқ унинг атрофида ҳаётни қўллаб-қувватлай оладиган йўлдошлари бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби сайёранинг юлдузи Қуёшга ўхшаб бир хил ҳарорат ва ёрқинликка эга. Бу эса, ўз навбатида уларнинг яқин атрофида ҳаёт белгилари мавжуд бўлган сайёралар борлигини англатади.
Сайёранинг мавжудлиги James Webb фазовий телескопи томонидан тўғридан-тўғри тасвир олиш орқали қайд этилган. Олимлар бу сайёрани илк бор 2024 йил август ойида кузатган, аммо кейинги текширувларда у тасвирлардан “йўқолиб қолган эди”. Энди эса астрономлар ушбу сайёранинг ҳақиқатда мавжудлигини исботлаш учун яна янги кузатувлар олиб бормоқда.
Oxford университети профессори, космик асбоблар бўйича мутахассис Карлй Хоуэтнинг таъкидлашича, ушбу кашфиётнинг муҳим ва қизиқ жиҳати сайёра худди Қуёшга жуда ўхшашлигида.
“4 ёруғлик йили албатта, катта масофа, аммо бу галактик миқёсда жуда яқин. Янги аниқланган сайёраларни бизнинг қўшнимиз деса ҳам бўлади. Хусусан, ушбу юлдуз Қуёшга жуда ўхшаш: ҳарорати ҳам, ёрқинлиги ҳам деярли бир хил. Бу эса унинг атрофида ҳаёт мавжуд бўлган дунёларни излашда жуда муҳим”, деди Хоуэт.
Кузатувларга кўра, янги сайёра Қуёш тизимидаги Юпитер ёки Сатурнга ўхшаб, зич газ қатлами билан ўралган. НАСА лабораторияси мутахассиси, янги тадқиқот ҳаммуаллифи Чарльз Байчман бу кузатувлар ниҳоятда мураккаб бўлганини таъкидламоқда:
“Бу каби ёрқин ва тез ҳаракатланадиган юлдузлар ёнидаги объектларни аниқлаш ҳаттоки дунёдаги энг кучли фазовий телескоп учун ҳам жуда мушкул. Улар атрофни шу қадар ёруғ қилади-ки, яқин объектлар кўринмай қолади”.
Таъкидланишича, яқин йилларда бу сирли сайёра ҳақида кўпроқ маълумот олиш режалаштирилмоқда. Ушбу мақсад доирасида НАСАнинг янги фазовий техникаси — Nancy Grace Roman телескопи 2027 йилда ишга туширилади.
Изоҳ (0)