Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида жониворга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлган шахс жазоланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

21 август куни Matiz ҳайдовчиси йўлда ётган итни босиб кетгани акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди. Унда ҳайдовчи итни автомобиль олд ва орқа ғилдираклари билан босиб ўтгач йўлида хотиржам давом этгани кўринган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бунинг оқибатида ит нобуд бўлганини билдирганди.
Жониворга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлган Matiz ҳайдовчиси — 1970 йилда туғилган С.М. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига асосан жавобгарликка тортилди. Бошқарма матбуот хизматининг “Дарё” сўровига кўра аниқлик киритишича, у 1 миллион 236 минг сўм жарима тўлади.
Ушбу моддада ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 миллион 236 минг сўмдан 2 миллион 60 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Жиноят кодексининг 202-1-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлиш маъмурий жавобгарликдан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 бараваригача (20 миллион 600 минг сўмгача) жарима ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)