Буюк Британия ҳукумати Қирғизистон криптовалюта тармоқларига қарши санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Санкциялар Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши босимни кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Чунки мазкур крипто тармоқлар орқали Москва санкцияларни четлаб ўтаётгани таъкидланган.
Россия пул маблағларини шаффоф бўлмаган молиявий тармоқлар орқали ўтказиш учун Қирғизистон молия секторига мурожаат қилди. Бу жараёнда криптовалюталардан ҳам фойдаланилмоқда, дейди Британия ҳукумати.
Янги санкциялар уч нафар жисмоний шахс ва беш нафар юридик шахсга тааллуқли бўлиб, улар орасида А7А5 деб номланган инфратузилма ҳам бор. Бу Россия рублига боғланган, бироқ Қирғизистонда ишга туширилган криптовалюта ҳисобланади. Атиги 4 ой ичида Россиянинг буюртмалари асосида 9,3 миллиард доллар миқдоридаги маблағ А7А5 орқали ўтказилган.
Агар Кремль бизнинг санкцияларимиз зарбасини юмшатишга бўлган умидсиз уринишларини шубҳали криптовалюта тармоқлари орқали транзакцияларни ювиш йўли билан яшира оламан деб ўйласа, қаттиқ адашади, деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ўринбосари Стивен Даути.
Санкциялар қуйидаги компания ва тузилмаларга нисбатан жорий этилди:
- Қирғизистоннинг Grinex криптобиржаси;
- Tengricoin компанияси — у Meer Crypto Exchange криптобиржасини бошқаради;
- Old Vector компанияси — трансчегаравий тўловлар учун Россия рублига боғланган А7А5 криптовалютасини ишга туширган;
- Люксембургда рўйхатдан ўтган Altair Holding компанияси — У Россияни қўллаб-қувватлаб, Россия молия секторида фаолият юритувчи ташкилотларни назорат қилади.
Бундан ташқари, қора рўйхатга Қирғизистоннинг “Марказий Осиё Капитал банки”, унинг директори Кантемир Чалбаев ва Қирғизистон Савдо компанияси раҳбари Жанишбек Уулу Назарбек ҳам киритилган.
Юқоридаги санкциялар эълон қилингач, Москва жавоб чораси сифатида Британиянинг бир қатор оммавий ахборот воситалари, нодавлат ташкилотларига консалтинг тузилмаларига қарши санкциялар киритди.
Изоҳ (0)