Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида 21 август куни Алишер Навоий ёдгорлигини қайта тиклаш ва ободонлаштириш лойиҳасига тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Тадбирда Мозори Шариф шаҳар ҳокими Абдулраҳмон Ҳеммат, Ташқи ишлар вазирлигининг Балх вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари Аминулла Содиқ, Ўзбекистон консулхонаси ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Абдулраҳмон Ҳеммат ўз нутқида Алишер Навоий шахсиятига чуқур ҳурмат билан қарашини таъкидлади. Унинг Мозори Шарифнинг Мухобирот чорраҳасида жойлашган, кейинги йилларда анча хароб ва кўримсиз ҳолга келиб қолган ёдгорлигини қайта тиклаш бўйича шаҳар ҳокимлигининг қарори қабул қилингани маълум қилинди.

Янгидан барпо этиладиган мажмуа учун катта ер майдони ажратилди, унда Навоийнинг таржимайи ҳоли, ҳаёт йўли, давлат арбоби сифатида амалга оширган хайрли ишлари акс эттирилган лавҳа ўзбек, инглиз, дари ва пушту тилларида ўрнатилади, шунингдек, кутубхона ташкил этилади.
“Ушбу ёдгорлик-мажмуасини маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган муносиб масканга айлантирамиз”, деди шаҳар ҳокими.

Алишер Навоий ёдгорлик-мажмуаси қурилиши шаҳар ҳокимлиги бюджетидан молиялаштирилади ва бир ой муддатда қуриб битказилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон консули Жафар Фаттаев Алишер Навоий ёдгорлигининг қайта тикланиши ва атрофининг ободонлаштирилиши бўйича бошланган хайрли ишлар Афғонистонда ушбу буюк сиймога кўрсатилаётган ҳурмат-эътибордан дарак беришини таъкидлади.

Мозори Шарифдаги Алишер Навоий ёдгорлиги
“Толибон” ҳаракати Мозори Шарифдаги Телекоммуникация майдонида жойлашган шоир ва давлат арбоби Амир Алишер Навоий ҳайкалини бутунлай вайрон қилгани ҳақида “Аму” нашри хабар берганди. Ушбу ҳайкал тахминан 17 йил олдин Мозори Шариф шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳарнинг учинчи туманидаги телекоммуникация чорраҳасида унинг хотирасига ўрнатилган эди. Бундан олдин ушбу ҳайкалга қисман зарар етказилган эди.

Ҳолат ҳақида маълум бўлиши билан Ўзбекистон ТИВ мазкур масала юзасидан расмий изоҳлар олиш мақсадида Афғонистон ҳукумати вакиллари билан тезкор равишда боғланган. Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани аниқланган.
Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани маълум бўлган.
Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўтабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берган.
Изоҳ (0)