Ўзбекистон ва Иордания ўртасида визасиз режим жорий қилиниши ҳамда икки давлат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу масала 26 август куни Шавкат Мирзиёев ва Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг музокаралари давомида кўриб чиқилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши ва визасиз режим жорий қилиниши ишбилармонлик алоқалари ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик паспорт эгалари учун визасиз тартиб жорий этилган. Бу ҳақда тегишли битим 2025 йил 3 февраль куни Оммон шаҳрида имзоланганди. Президентнинг 2025 йил 30 июлдаги қарори билан Ўзбекистон ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларининг визасиз сафарлари тўғрисидаги битим тасдиқланган.


Музокаралар давомида яна нималар муҳокама қилинди?
- Етакчилар БМЙ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этиб, ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни фаол давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
- Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги конструктив мулоқотни ва идоралар ўртасидаги яқин алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
- Икки томонлама савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёрлик тасдиқланди.
- Кимё ва тўқимачилик саноати, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш, шунингдек, фармацевтика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга келишиб олинди.
- Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ишга тушириб, 2025 йил якунигача уларнинг илк йиғилишларини ўтказиш таклифи билдирилди.
- Маданий, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни, шу жумладан қўшма маданият ҳафталиклари, концертлар, экспозиция ва кўргазмалар ўтказиш орқали янада фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.
- Умумий маънавий меросни биргаликда ўрганиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат исломшунослик марказлари ва институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.


Шавкат Мирзиёев подшоҳ Абдулла II томонидан бундан 10 йил олдин бошланган “Ақаба жараёни” ташаббусини юқори баҳолаб, ушбу муҳим ташаббуснинг навбатдаги йиғилишларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар якунида подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шавкат Мирзиёевни Иорданияга ташриф билан боришга таклиф этди.
Изоҳ (0)