Озарбайжон вакили 12 август куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ ички ишлар вазирлари кенгаши йиғилишига бормади. Бу ҳақда APА агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ички ишлар вазири Вилоят Эйвазов тадбирда иштирок этишдан бош тортган. Бунинг сабабига аниқлик киритилмаган. Йиғилиш Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколсев раислигида бўлиб ўтган.
Унда ўзаро ҳамкорлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш, ноқонуний миграция муаммолари ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш муҳокама қилинган. Колоколсев табрик сўзида илгари СССР таркибига кирган МДҲ давлатларининг “умумий тарихини қайта ёзишга уринишлари” мавзусига тўхталган.
Озарбайжон 11 август куни Украинага 2 миллион долларлик электр ускуналари кўринишида гуманитар ёрдам юборишини эълон қилди. Россия депутати Андрей Гурулёв жавоб чоралари сифатида Озарбайжон товарларини импорт қилишни тақиқлашга, озарбайжонлик тадбиркорларни “сиқувга олиш”га чақирди.
Бокунинг очиқчасига Киевни қўллаб-қувватлашига Россиянинг ҳужуми туртки бўлди. Президент Илҳом Алиев Россияни Озарбайжон объектларига “мақсадли зарба бериш”да айблади. Озарбайжоннинг Украинадаги объектлари бир неча бор ҳужумга учради. Боку, агар Россиянинг агрессив сиёсати давом этса, Украинага қурол экспортини қайта тиклаш билан таҳдид қилди.
Россия ва Озарбайжон ўртасидаги кескинлик
Бунгача Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашига авиаҳалокат ва Озарбайжон фуқароларига нисбатан зўравонлик сабаб бўлганди. Жумладан, 2024 йил 25 декабрь куни Қозоғистонда Озарбайжоннинг Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Embraer самолёти фожиали авиаҳалокатга учради. Учоқ Боку—Грозний рейсини амалга оширганди.
Бироқ самолёт фавқулодда Оқтов вилоятига қўниш чоғи ҳалокатга учраган. Бортда 62 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳодиса оқибарида 38 киши ҳалок бўлган, яна 29 киши жароҳатланган. Президент Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, самолёт радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида бошқарилмайдиган ҳолатга келтирилган, Россия ҳудудидан ҳужумга учраган. Ҳозирда Қозоғистонда ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Озарбайжон фуқароларининг қийноққа солиниши ва ўлими
27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳуқуқ-тартибот ходимлари рейд ўтказиб, Озарбайжон фуқароларини жиноятга алоқадорликда гумонлаб, ҳибсга олган. Ҳибсга олинганлар — деярли ҳимоясиз бўлган ҳолатда — қўлга олиш жараёнида, йўлда ва маъмурий биноларда қаттиқ қийноқларга, кўп маротаба оғир жароҳатларга дучор бўлган. Уларнинг турли тана қисмларига қаттиқ ва ўткир буюмлар билан урилган.
Оқибатда ўша куни Екатеринбург шаҳар ички ишлар бўлими биносида 1966 йилда туғилган озарбайжонлик Гусейн Сафаров, кичик бизнес эгаси, вафот этган. Унинг укаси, 1970 йилда туғилган Зияддин Сафаров эса эрталаб махсус бўлинманинг хизмат машинасида калтакланишдан вафот этган. У икки фарзанднинг отаси бўлиб, таксичилик қилган.
Озарбайжон Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан унинг фуқароларини қийноққа солиниб, ўта шафқатсизлик билан ўлдирилиши юзасидан жиноят иши қўзғатган.
Изоҳ (0)