Қонунчилик палатаси Матбуот хизматининг маълум қилишича, ЎзЛиДеП ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган қўшма йиғилишида “Тараққиёт блоки”ни тузиш масаласи муҳокама қилинган ва икки томонлама битим имзоланган.
Парламентда энг кўп — 64 депутатлик ўрнига эга бўлган ЎзЛиДеП ҳамда Миллий тикланиш фракциясининг 29 нафар аъзосини бирлаштирган “Тараққиёт блоки” энди парламентдаги кўпчиликни ташкил этади ва етакчи сиёсий кучга айланади.
ЎзЛиДеП партияси етакчиси Актам Хаитов 3 май куни эълон қилинган интервьюсида бугунги кунда парламентда фракциялар ўртасида рақобат анча кучайгани, ҳар бир фракция ўз электорати манфаатини илгари суришга ҳаракат қилаётгани, шунингдек, ҳар бир ғоя учун кескин курашлар ва баҳс-мунозаралар кетаётганини айтиб ўтганди. Шунингдек, у ўз сўзида бу жараёнда партиянинг энг кўп депутатлик ўрни барча масалада ташаббусларнинг ўтишини кафолатламаслигини таъкидлаб, парламентда кўпчилик блокини тузиш устида ишлаётганини маълум қилган эди.
Баёнотда айтилишича партияларнинг парламентда ягона куч сифатида бирлашишига дастурий мақсадлар, сиёсий мафкура ва йўналишлар муштараклиги ва ғоявий уйғунлиги, шунингдек кўп йиллик фаолият давомида тўпланган амалий тажриба асос бўлиб хизмат қилади.
Иккала партия дастурий қарашлар, мақсад ва вазифалар жиҳатидан ўзаро яқиндир. Сиёсий майдонда ҳар икки партия ғоявий жиҳатдан ўнг қанотда жойлашган бўлиб, ЎзЛиДеП ўнг-марказ, “Миллий тикланиш” демократик партияси эса ўнг партия ҳисобланади.
Энди ўнг ғояларга таянган — тадбиркорлик ва иқтисодий ислоҳотларни устувор қўядиган ЎзЛиДеПчилар ва миллий қадриятларни илгари сурадиган “Миллий тикланиш”чиларни ўзаро бирлаштирган — “Тараққиёт блоги” мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш, миллий манфаатларни рўёбга чиқариш ва юрт тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида ягона куч сифатида иштирок этади.
Бу икки етакчи партиялар ўртасидаги ҳамкорликка олдин ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ўтган икки йилда мамлакатимизда ўтказилган муҳим сиёсий ислоҳотлар ва жараёнлардаги ҳамкорлик бунга мисол бўла олади.
Фракцияларнинг қўшма йиғилишида “Тараққиёт блоки” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида қисқа даврда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, очиқлик сиёсатини юритиш, мамлакат иқтисодиёти ва халқаро нуфузини ошириш соҳаларида тарихий ислоҳотлар амалга оширилганлигини эътироф этган ҳолда бу борадаги ишларни изчил ва қатъий давом эттириши, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, уни амалга оширишга қаратилган ҳукумат дастурини тўла қўллаб-қувватлашини ҳамда ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашда бор имкониятларини сафарбар этиши қайд этилди.
“Тараққиёт блоки”нинг устувор фаолият йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
– миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш;
– ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
– сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш;
– таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
– соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш;
– солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритиш;
– давлат бюджети харажатларини қисқартириш, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
– фуқароларга шахсий танлов имконини берувчи хусусий жамғарма пенсия тизимини яратиш, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган замонавий, шаффоф пенсия тизимига ўтиш;
– мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.
Охирги воқеалар парламент фаолиятида кескин бурилиш, янада аниқ айтадиган бўлсак “трансформация” бўлаётганидан дарак бермоқда. Ўйлаймизки, мазкур ташаббус ҳам миллий манфаатларга хизмат қилиб, мамлакатни янада ривожланган, қудратли, адолатли ва замонавий давлатга айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Изоҳ (0)