Италия бош вазири Жоржа Мелони 28—29 май кунлари расмий ташриф билан Самарқандга келади. Бу ҳақда Италия ҳукумати сайтида маълум қилинди.

Вазир Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлади. У “Марказий Осиё—Италия” саммитида иштирок этади. Саёҳатнинг биринчи бекати Самарқанд шаҳри бўлади. Бош вазирнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги миссияси дастлаб 25—27 апрель кунлари бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Рим папаси Франциск вафоти сабабли бекор қилинганди.
30 май куни Италия бош вазири Қозоғистонда бўлади. Шу куни Остона шаҳрида минтақа давлатлари раҳбарлари иштирокида биринчи “Марказий Осиё—Италия” саммити бўлиб ўтади.
2023 йил 8 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италияда Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказганди. Етакчилар икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилганди.
Шунингдек, 11 та давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлганди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026 йилга қадар маданий алмашинувлар дастури қабул қилинганди.
2023 йил 10 ноябрь куни Италия бош вазири Сержо Маттарелла расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганди. Давлат раҳбарлари академик алмашинувларни кенгайтириш, қўшма Таълим форумини ўтказиш зарурлигини таъкидлаганди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилганди
Изоҳ (0)