Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳукумат раҳбари этиб қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифи учун Тожикистонни танлади. 2 июль куни у Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан Душанбеда музокаралар ўтказади, сўнгра Остонадаги ШҲТ саммитига у билан бирга боради.
Тожикистон раҳбари ва Шаҳбоз Шариф икки йил аввал Раҳмоннинг Покистонга ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Исломобод CASА-1000 энергетика лойиҳасининг тезроқ ишга туширилишидан, шунингдек, транспорт ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Тожикистон эса Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқишга интилади.
2022 йил декабрь ойида Эмомали Раҳмон Исломободга ташриф буюрган ва у ерда Шаҳбоз Шариф билан музокаралар якунида 8 та ҳужжат имзоланганди.
“Гап шундаки, Тожикистоннинг разведка хизматлари Афғонистондаги турли ҳарбийлаштирилган гуруҳларни қўллаб-қувватлаган Покистон билан тарихан муносабатлари илиқ бўлмаган. Бироқ вақт ўзгармоқда. Қолаверса, Покистон бугунги кунда Хитой билан иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан яқиндан ҳамкорлик қилаётганига аҳамият бериш керак. Худди шундай тарзда Хитой ва Душанбе билан фаол ҳамкорлик амалга ошмоқда”, — деди Россия Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти илмий ходими, жамоатчилик дипломатияси ва жаҳон сиёсатини таҳлил қилиш маркази раҳбари Александр Воробёв.
Мутахассиснинг фикрича, Шарифнинг ташрифи фактининг ўзи Евросиё маконидаги давлатлараро муносабатлардаги тараққиёт намунаси бўлиб хизмат қилади ва икки томонлама иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш Тожикистон иқтисодиётига Покистондан киритилаётган сармояларни кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин.
“Иккала давлат ҳам ШҲТга аъзо бўлиб, террорчиларнинг яширин фаолияти билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирмоқда”.
Экспертнинг сўзларига кўра, расмийлар Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар трансафғон темирйўлини яратиш лойиҳасини фаол илгари сураётган Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш Тожикистоннинг ташқи дунё билан транспорт алоқасини яхшилашга, Жанубий Осиёга чиқиш имкониятига ёрдам беради.
Тожикистондан денгизга энг қисқа йўл Афғонистон орқали Покистонга ўтади. Масалан, Душанбедан Карачи портига ёки Гвадар портига тахминан 2720 километр, Ҳормуз бўғозидаги Эрон Бандар Аббос портига эса 3400 километр.
Тожикистонни Покистондан Вахон йўлаги ажратиб туради, у Афғонистоннинг Хитойгача чўзилган тор йўлагидир. Шимолда Помир тоғлари ва жанубда Қорақум тизмаси ўртасида жойлашган бу йўлак тахминан 350 километр.
Шу боис Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш муҳим. Покистон, экспертларнинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари учун транспорт марказига айлана олади.
Бироқ Исломободни Марказий Осиё энергия манбалари кўпроқ қизиқтиради, Покистон эса бу ресурсларга етарлича эга эмас. Уларга кириш учун Покистон ҳукумати минтақада Гвадар ва Карачи портлари орқали Жаҳон океанига чиқиш имконини берувчи бир қанча йирик транзит лойиҳаларини илгари сурмоқда. Бу минтақа давлатлари учун глобал бозорларга чиқиш ва кенг савдо имкониятларини очиб беради.
Аммо 2023 йил февралида Покистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Ҳина Раббоний Хар айтганидек, Афғонистондаги вазият Покистоннинг Марказий Осиё билан муносабатларида ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига тўсқинлик қилмоқда.
Хусусан, Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон ва Покистонга электр энергиясини узатиш бўйича Марказий Осиё—Жанубий Осиё—1000 (CASА-1000) лойиҳаси тугалланмаганча қолмоқда.
Жаҳон банки (ЖБ) “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кейин лойиҳани молиялаштиришни тўхтатган. Лойиҳанинг барча иштирокчилари мурожаатидан сўнг, Жаҳон банкининг молиявий кўмагида CASА-1000 ни амалга ошириш 2024 йил май ойида қайта тикланди.
Сўнгги йилларда Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўзи ҳам қўшимча киловаттга муҳтож бўлгани сабабли қурилишни якунлаш муддати ҳанузгача маълум қилинмаяпти.
Электр энергиясининг 70 фоизини Тожикистон, 30 фоизини Қирғизистон етказиб бериши тахмин қилинганди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва ҳукумат раҳбари Оқилбек Жапаров дунё бўйлаб саёҳат қилиб, Қамбарoта ГЭС-1 га сармоя киритишни таклиф қилмоқда.
Тожикистонда ҳам худди шундай вазият. Мамлакат етарлича қувватга эга эмас. Роғун ГЭС бўйича ҳисоб-китоблар бўлган, бироқ станция ҳалигача қуриб битказилмаган. Покистон Марказий Осиё электр энергиясисиз қолиш хавфи остида.
Шунга қарамай, Покистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги фақат ривожланади. Исломобод минтақа давлатлари билан савдо-сотиқни ривожлантиришдан манфаатдор, уларнинг ҳар бири билан қўшма иқтисодий комиссиялар тузилган.
Масалан, Покистоннинг Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилга нисбатан 1,6 баробар ошиб, 52,7 миллиард долларни ташкил этди.
“Исломобод учун бутун Марказий Осиё қизиқиш ортиб бораётган ҳудуд ҳисобланади, бу ерда иқтисодий, диний ва мафкуравий мотивация ҳамда Марказий Осиё давлатларида ҳам ўз манфаатларини илгари сураётган Ҳиндистон билан рақобат бор.
Агар Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт алоқалари янги босқичга чиқса, савдо-иқтисодий алоқалар яхшиланса, бундан Марказий Осиё давлатлари ҳам, Покистон ҳам наф кўради.
“Аммо шуни тушуниш керакки, Покистон постсовет мамлакатлари учун иқтисодий алоқалар борасида анча қийин ҳамкор: қонунчиликдаги жиддий тафовутлар, аҳолининг кўпчилигининг қашшоқлиги ва заиф ривожланган энергетика инфратузилмаси ўз таъсирини ўтказмоқда”, — деди Александр Воробёв.
Изоҳ (0)