Беларусь Қуролли кучлари зенит-ракета қўшинлари бошлиғи Андрей Северинчик мамлакатнинг чегара ҳудудларида разведка олиб борадиган дронларнинг парвозлари сони кескин кўпайганини маълум қилди. Шу сабабли қўшимча ҳаво мудофаа кучлари Беларуснинг жанубий чегараларига олиб чиқилди, деди Северинчик.
“Визуал кузатув пунктлари тизими кенгайтирилди... Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва воситалари жанубий чегараларни, шунингдек, муҳим объектларни қамраб олиш учун қўшимча равишда белгиланган ҳудудларга олиб чиқилди”, — дейилади Беларусь Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Андрей Северинчик чегара назорати, разведка ва жавоб чоралари учун навбатчи авиация экипажлари кеча-ю кундуз парвоз қилишини қўшимча қилди. Унинг аниқлик киритишича, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари чегара қўмитаси бўлинмалари билан яқин ҳамкорликда ишлайди.
Андрей Северинчик Украина билан чегарадаги Беларусь ҳаво ҳудудидаги вазиятни кескин деб атади. Унинг сўзларига кўра, қўшинлар давлат чегарасини доимий равишда бузиш ҳолатларини қайд этмоқда.
Кеча, 28 июнь куни Беларусь Давлат чегара қўмитаси Украина ҳудудидан учиб келаётган квадрокоптер томонидан ҳаво ҳудуди бузилишига чек қўйилгани ҳақида маълум қилганди.
Изоҳ (0)