Мадриднинг “Реал” клуби ярим ҳимоячиси Тони Кроос Чемпионлар Лигаси ярим финалидан ўрин олган “Бавария”га қарши жавоб учрашувида (2:1) ҳакамлик можароси ҳақида гапирди.
“Ҳакамлар эпизодда ёмон ишлади. Ўйинни давом эттиришга рухсат бериш керак эди. Мен бунда қанот ҳакамнинг хатоси катта деб биламан. У байроқни кўтарганида, ҳакам, эҳтимол, уч метрлик офсайд бор деб ўйлаб, унга ишонди. “Бавария”нинг ғазабини маълум даражада оқлайман, чунки вазиятни охиригача ўйнашга қўйиб бериш керак эди.
Ўша пайтда ҳамма футболчи эпизодга қўшилган ёки йўқлигини билмайман, чунки ҳуштак жуда эрта чалинди. Дарвозани ҳимоя қилганларнинг барчаси ҳуштакдан кейин кескинликни пасайтирган эди”, — дея Кроос сўзларини келтирган Bayern & Germany саҳифаси Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Эслатиб ўтамиз, ўйин сўнггида Жошуа Киммихнинг узоқдан йўллаган узатмасидан сўнг “Бавария” ҳимоячиси Маттейс де Лигт Мадрид клуби дарвозасига зарба йўллади. Бироқ бош ҳакам Шимон Маркиняк эпизод якунланишини кутмай, ҳуштагини чалди ва офсайд қайд этди. Шу тариқа немисларнинг голи ҳисобга олинмади.
Икки учрашув натижасига кўра, Испаниянинг “Реал” клуби Европа Чемпионлар Лигаси финалига йўл олди. Уларга яна бир Германия клуби рақиблик қилади. “Дортмунд” — “Реал Мадрид” учрашуви 1 июнь куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)