Нью-Йорк полицияси фаластинликларни қўллаб-қувватлаган 57 нафар намойишчини ҳибсга олди, дея хабар берди CNN.
Хусусан, полиция “Янги мактаб” хусусий университетида 44 кишини қўлга олди. Намойишчилар ётоқхона кириш йўлини тўсиб қўйиб, талабаларнинг ўз хоналарига киришига тўсқинлик қилишган, дейди полиция ходимлари.
“Биз уларга ҳудудни тарк этишларини бир неча бор айтдик”, деди Нью-Йорк полиция департаменти вакили, ходимлар намойишчиларни нима учун ҳибсга олганини тушунтириб.
Нью-Йорк университетида яна 13 киши ҳибсга олинган. Таълим муассасасининг хабар беришича, полициянинг огоҳлантиришидан кейин 30 га яқин одам ўзи тарқаб кетган.
Исроилнинг фаластинликларга қарши ҳаракатларидан норозилик белгиси сифатида АҚШдаги университетларда намойишлар давом этмоқда. 18 апрелдан бери ҳибсга олинганлар сони 2 мингдан ошди.
Кеча 2 май куни АҚШ президенти Жо Байден мурожаат билан чиқиб, намойишлар тинч бўлиши кераклигини айтди ва Исроилни қўллаб-қувватлашини такрорлади.
Изоҳ (0)