Тошкентнинг Юнусобод туманида биринчи жамоат яшил парки очилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу парк бир пайтлар хароба, қаровсиз бўлган ҳудуд ўрнида ташкил этилмоқда. Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги ушбу парк ҳудуди 2020 йилгача ташландиқ ҳолатда бўлган. Ҳозирда эса 1200 дан ортиқ дарахт ва 23 минг туп буталар экилиб, 7,5 гектар майдонда яшил боғ барпо этилмоқда.
Пойтахтдаги биринчи яшил жамоатчилик парки шовқин-сурондан холи, экологик талабларга тўлиқ жавоб беради. Ҳудудда ўзига хос атиргул боғи барпо қилинмоқда, табиий кўл яратилади, қушлар учун инлар қурилади. Ҳамма йўлаклар тошлардан, ўриндиқлар эса қуриган дарахтлардан, яъни тўлиқ табиий материаллардан қилинади. Шунингдек, йил давомида кетма-кет гуллайдиган ўсимликлар экилади ва бу паркнинг доимий кўркам қиёфа касб этишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, жамоат паркига кириш мутлақо бепул ва истаган киши ҳордиқ чиқариши мумкин. Парк ҳудудида чиқинди ташлаш қатъий тақиқланади (чиқиндиларни фақат паркка кириш ва чиқиш жойида ўрнатилган чиқинди қутиларига ташлаш лозим), бу эса ҳудуднинг экологик тоза масканга айланишини таъминлайди.

Хабарда айтилишича, парк тўлиқ Европа, жумладан, Япония тажрибаси асосида барпо қилинмоқда, бу ерда фақат маҳаллий иқлимга мос дарахтлар экилмоқда.
17 апрель куни Ўзбекистонда 2025–2030 йилларда умуммиллий бирдамлик боғларини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга кўра, 2025 йил 15 майгача истироҳат боғларининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Боғларнинг 60 фоиз ҳудудида яшил майдон сифатида дарахт ва буталар экиш, пикник зоналар, ёш болалар учун махсус жиҳозланган қумлоқлар, очиқ осмон остидаги кичик кутубхоналар, тасвирий ва амалий санъат билан шуғулланиш ҳудудлари ҳамда ташриф буюрувчилар тинчлигини бузмайдиган бошқа элементлар орқали сокин ҳудудлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)