Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги бир нечта маҳаллаларда чигирткаларга қарши кимёвий зарарсизлантириш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, республика бўйлаб чигирткага қарши оммавий кураш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам мавсум бошланган. Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги бир нечта маҳалла ҳудудида кимёвий зарарсизлантириш тадбирлари олиб борилиб, мурожаатлар ўрганилмоқда.
Маълумот учун, 2024 йилда республикада зарарли чигирткаларнинг 574,8 гектар майдонда кимёвий ишлов ўтказилиши прогноз қилинган. Кузги ва баҳорги кузатувлар натижасида ҳашарот тухум қўйган ареаллар ҳам кўздан кечирилиб, фавқулодда вазият юзага келишини олдини олиш мақсадида кураш чоралари олиб борилмоқда.
Ҳар бир ҳудуд кесимида амалга оширилган ишлар мониторинги юритилиб, хавфли ўчоқлар бартараф этилиши назорат остига олинган. Зарарли чигирткага қарши кураш тадбирларини олиб бориш бепул. Аҳоли мурожаатлари 1288 ва 71-202-28-88 рақамлари орқали қабул қилинади, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги экин майдонларини чигиртка тўдаси босгани айтилган видео тарқалганди. Кейинроқ туман ҳокимлиги ҳолатга муносабат билдириб, Туркманистондан кириб келган чигирткалар қишлоқ хўжалигига зарар етказмаслигини маълум қилган.
Изоҳ (0)