2025 йил 25 апрелда Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Тошкент шаҳрига “Барқарор” прогнози ҳамда BB- даражасидаги узоқ муддатли кредит рейтингини берди.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги, бу агентлик билан ҳамкорлик қайта тикланганидан сўнг пойтахтнинг илк мустақил халқаро рейтинги бўлганини эътироф этди.
“Берилган рейтинг Тошкент шаҳрининг молиявий ҳолати мустаҳкамлиги ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг барқарорлигини акс эттиради. Fitch Ratings ўз таҳлилида шаҳарнинг қарз юки бошқариладиган даражада қолаётганини, даромад базасининг ўсиши эса ижобий ривожланиш кўрсатаётганини таъкидлайди. Бу эса молиявий масъулият ва бошқарув самарадорлигининг юқори даражасидан далолат беради”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Аслида вазият мақтагулик эмас
Ҳокимлик ўз баёнотида рейтингда акс этган ижобий томонларини ифодалаб, бошқа эътиборга молик салбий ҳолатлар ҳақида сўз юритмаган.
Маълумот учун, Ўзбекистон пойтахти 2019 йилдан 2023 йил сўнгига қадар ҳам BB- даражада эътироф этилганди. Аммо ўша йилнинг 9 декабрь санасида Fitch Ratings ҳокимлик билан алоқалар тўхтатилганини эълон қилиб, “барқарор” рейтингини бекор қилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2023 йил 29 декабрдаги қарори билан Fitch Ratings яна шаҳарнинг рейтингини тузишда давом этадиган бўлди.

2025 йилги хулосага кўра, шаҳар яна BB- рейтинги билан баҳоланган. Бу барқарорлик унинг ривожланаётганини эмас, балки бир жойда қолиб, муаммолар ҳал қилинмаётганини ҳам билдириши мумкин. Ушбу рейтингда шаҳарнинг қуйида эътироф этилган молиявий жиҳатлари “заиф” дея баҳоланган.
Ўзбекистон пойтахти 2024–2028 йиллар оралиғида ўзининг қарз тўловларини жорий маблағлари ҳисобидан қоплаш қобилияти юқори хавф остида қолиши мумкин. Бунга кутилганидан камроқ даромад ва харажатларнинг кутилганидан юқори бўлиши сабаб бўлиши мумкин. Шунда келиб чиқиб, Fitch Ratings Тошкентни молиявий жиҳатдан “заиф” дея баҳолаган.
Рейтинг агентлиги пойтахтнинг Revenue Robustness — шаҳарнинг даромад манбаларининг барқарорлиги ва мустаҳкамлигини “заиф” дея баҳолаган. 2023 йилда шаҳар даромадининг 50 фоизини солиқлар ташкил қилган, ундан кейинги йирик манба эса ҳукумат томонидан ажратилган қўшимча маблағлар бўлиб, улар 33 фоизни ташкил қилган. Пойтахт даромади ҳукумат қарорларига бевосита боғланиб қолгани боис даромад манбаларининг барқарорлиги мустаҳкам эмас.
-uJm3Dh8L.avif)
Шаҳар даромадини ошириш имконияти ҳам паст баҳоланган. “Биз Тошкент шаҳрининг иқтисодий инқироз вақтида қўшимча даромад топиш имкониятини чекланган деб баҳолаймиз. Шаҳар молиявий мустақиллигига марказий ҳукумат томонидан қатъий назорат ўрнатилган — барча солиқ ставкалари ва солиқ тушумларининг тақсимланишини марказий ҳукумат белгилайди”, дейилади сайт хабарида. Маълум қилинишича, даромад манбалари максимал даражасига етган. Шунинг учун иқтисодий инқироз юзага келганда, даромадларни ошириш имконсиз.
Тошкентда маблағларнинг сарфланиш давомийлиги ҳам яхши эмас. Бунга инфляциянинг юқорилиги (2019-2023 йиллар давомида йиллик 12%) ва харажатлар тақсимоти доим ўзгариб туриши сабаб қилиб кўрсатилган.
Пойтахт харажатларини камайтириш имконияти ҳам паст. Шаҳар харажатининг 20 % га яқини ойликларга сарфланади. 2023-2024 йиллар орасида 80 фоиз ҳолатдаги харажатларнинг мажбурий, камайтириш имконсиз экани эътироф этилган.
Тўғри, ижобий фикрлар ҳам бор. Тошкент Fitch томонидан 2024-2028 йиллар учун молиявий ҳолати АА (ижобий) деб баҳоланди.
“Биз шаҳарнинг операцион балансининг 2024—2028 йиллар давомида ўртача 1,376 миллиард сўм бўлишини кутяпмиз, бу 2023 йилда 2,233 миллиард сўм бўлган. Унинг операцион балансининг асосий манбаи солиқдан тушадиган даромад бўлиб, 2028 йилга келиб бу 12,182 миллиард сўмгача ошиши кутилмоқда, бу эса маҳаллий иқтисодиётнинг кенгайиши билан боғлиқ. Бироқ юқори инфляция давом этиши сабабли операцион харажатлар (opex) ошиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.

Шаҳар 2024—2028 йиллар давомида ўртача 2,642 миллиард сўм миқдорида капитал харажатларини амалга ошириши, инфратузилмани ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳри ҳокимияти баёнотига кўра, ушбу рейтинг “пойтахтнинг халқаро майдондаги мавқейини сезиларли даражада мустаҳкамлайди ва унинг инвестициявий жозибадорлигини оширади”.
Изоҳ (0)