Саудия Арабистони Flydeal авиакомпанияси Ўзбекистонга йўловчи рейсларини амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 ноябрь куни бортида 320 нафар йўловчи бўлган Жидда—Тошкент—Жидда йўналиши бўйича биринчи рейс кутиб олинди.
Ушбу йўналиш бўйича мунтазам рейслар Airbus А330 самолётларида ҳафтасига беш марта: душанба, чоршанба, пайшанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади. 1 декабрдан бошлаб самолётлар шу йўналишда ҳар куни парвоз қилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 15 декабрдан бошлаб Flydeal Жиддадан Наманганга ҳам парвозларни йўлга қўяди.
“Flyadeal йўловчиларга юқори даражадаги хизмат кўрсатиш, қулай жадваллар ва парвозлар учун ҳамёнбоп нархларни тақдим этишга интилади. Ишончимиз комилки, ушбу рейсларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳаво алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, Саудия Арабистонига умра ва ҳаж зиёратларини амалга ошириш учун борадиган йўловчилар учун ҳаво қатновларини ҳамёнбоп қилади”, деган Flydeal компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Дилмуродхон Бахтиёрхонов.
Flydeal Саудия Арабистонининг арзон ҳаво ташувларини амалга оширувчи авиакомпанияси бўлиб, Жиддадаги Қирол Абдулазиз халқаро аэропортида жойлашган. Авиакомпания Саудия Арабистонининг асосий авиаташувчиси Saudia томонидан 2017 йилда Saudia Group’нинг трансформация стратегияси доирасида ташкил этилган.
Ушбу авиакомпанияга ноябрь ойи ўрталарида “Ўзавиация” агентлиги мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил августида Саудия Арабистонига давлат ташрифи давомида икки мамлакат транспорт идоралари томонидан фуқаро авиация соҳасида англашув меморандуми имзолангани ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ташриф давомида транспорт, хусусан, ҳаво транспорти соҳасида икки мамлакат ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, шаҳарлар ўртасида мунтазам авиарейсларни ташкиллаштириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
2023 йил декабрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига 70 тага етказишга келишилди.
2024 йил майида Ўзбекистон шаҳарларидан Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида мунтазам парвозлар сони ҳар бир томондан 50 тагача кўпайтиришга келишиб олинди ва эришилган келишувларни тасдиқлаш мақсадида меморандум имзоланди.
Изоҳ (0)