Хитой ҳукумати 30 июль куни Россия билан биргаликда август ойида ҳарбий машғулотлар ўтказишини маълум қилди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Таъкидланишича, машғулотлар доирасида Владивосток яқинида денгиз ва ҳаво амалиётлари ўтказилиб, Тинч океанида қўшма денгиз патрули амалга оширилади.
Иқтисодий ва сиёсий алоқалар билан бир қаторда, Москва ва Пекин сўнгги йилларда ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда. Бу икки давлат АҚШ етакчилигидаги доминантликка қарши мувозанатни сақлашга интилмоқда.
“Joint Sea-2025 (Қўшма денгиз-2025) номли машғулотлар икки томонлама доимий ҳамкорлик режасининг бир қисми бўлиб, учинчи томонларга қаратилмаган”, деди Хитой мудофаа вазирлиги вакили Зҳанг Сяоган.
2024 йилги Joint Sea-2024 машғулотлари Хитой жанубий соҳилида ўтказилган эди. Бу йилги машғулотлар август охирида Россия президенти Владимир Путин Хитойга режалаштирилган ташрифидан олдин ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Маълум бўлишича, августда Путин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этади. Шунингдек, президент иккинчи жаҳон уруши тугашининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган ҳарбий парад ва бошқа тадбирларда қатнашади. Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан ҳам музокаралар бўлиб ўтиши билдирилган.
Россия Украинага 2022 йил февраль ойида босқин бошлаганидан бери икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланган. Хитой Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини ҳеч қачон танқид қилмаган. Кўплаб Украина иттифоқчилари эса Пекин Москвага ёрдам кўрсатаётганига ишонади.
Хитой ўзини нейтрал томон деб атаб, урушнинг тугашини мунтазам равишда талаб қилиб келади. Шу билан бирга у Ғарб давлатларини Украинани қуроллантириб, урушни чўзаётганликда айбламоқда. Июль ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россия ташқи ишлар вазири билан Пекинда ўтган учрашувда икки давлат “ўзаро ёрдамни кучайтириши” зарурлигини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)