АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатни БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) таркибидан чиқаришни режалаштирмоқда. У бунга сабаб сифатида ташкилотнинг Америкага ва Исроилга қарши кайфиятини, шунингдек, “воукизм”дан норозилигини кўрсатмоқда. Бу ҳақда The New York Post газетаси Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келлининг сўзларига асосланиб хабар берди.

Таъкидланишича, Трамп февраль ойида АҚШнинг ЮНЕСКОдаги иштироки бўйича 90 кунлик текширув ўтказишни буюрган ва бунда “ташкилотдаги антисемитизм ёки Исроилга қарши кайфият”ни аниқлашга алоҳида эътибор қаратишни топширган.
“Президент Трамп америкаликлар ноябрь ойида овоз берган оқилона сиёсатга бутунлай зид бўлган прогрессив, келишмовчиликларга сабаб бўлувчи маданий ва ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватловчи ЮНЕСКОдан Қўшма Штатларни чиқаришга қарор қилди”, деди Келли.
Текширув натижаларига кўра, маъмурият вакиллари ЮНЕСКОнинг хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик сиёсатига, шунингдек, унинг Фаластин ва Хитойга мойиллигига эътироз билдиришган.
“Хитой ЮНЕСКОдаги таъсиридан Пекин манфаатларига мос келадиган жаҳон стандартларини илгари суриш учун фойдаланди”, деди суҳбатдош.
ЮНЕСКО - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган муассасасидир. Ташкилотнинг мақсади маданият, фан, таълим ва ахборот технологиялари соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчликка кўмаклашишдан иборат.
Изоҳ (0)