Жанубий Кореяда яшаётган хорижликлар сони 2025 йил июнь ойида рекорд кўрсаткич — 2,73 миллионга етди. Уларнинг учдан бир қисмини хитойликлар ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Маълумотларга кўра, июнь ойи охирига келиб мамлакатда 1,56 миллион нафар рўйхатдан ўтган хорижлик, шунингдек, 552 419 нафар хориж фуқаролигига эга корейс миллатига мансуб шахслар бўлган. Бундан ташқари, 620 мингдан ортиқ одам Жанубий Кореяда қисқа муддатли — асосан сайёҳлик визаси билан вақтинча яшамоқда.
Коронавирус пандемиясидан олдин, 2019 йилда хорижликлар сони илк бор 2,52 миллион нафарга етганди. Бироқ 2021 йилда бу кўрсаткич 1,96 миллионга камайган. Кейинчалик, 2023 йил охирига бориб бу кўрсаткич 2,65 миллионга етиб, ўсиш суръати тикланган.
Миллат жиҳатидан таҳлил қилинганда энг катта улушни хитойликлар — 972 176 нафар (35,6 фоиз) ташкил қилмоқда. Кейинги ўринларда ветнамликлар — 341 153 нафар, америкаликлар — 196 664 нафар, таиландликлар — 173 710 нафар ва ўзбекистонликлар — 98 457 нафар билан қайд этилган.
Мамлакатдаги хорижликларнинг ярми Сеул ва унга туташ метрополитен ҳудудларида, қолган қисми эса марказий ЧунгЧонг провинцияси ҳамда жанубий провинцияларда истиқомат қилмоқда. Бу аҳолининг деярли ярми 20 ёшдан 39 ёшгача бўлган шахслардан иборат.
Муҳожирларнинг тахминан 20 фоизи F-4 визаси — хориждаги корейслар учун мўлжалланган визага эга, 12 фоизи эса E-9 визаси — малакали бўлмаган ишчилар учун берилган рухсатнома билан яшамоқда. Шунингдек, F-5 (доимий яшаш), D-2 (талабалик) ва B-2 (сайёҳлик) визалари асосида ҳам мамлакатда бўлиб турган хорижликлар мавжуд.
Изоҳ (0)