Замонавий анимацияда қизлар оқ отдаги шаҳзодасини кутмайдиган сюжетлар тобора кўпаймоқда — улар яқинларини ва эркин бўлиш ҳуқуқини ўзлари ҳимоя қилади. Бу мультфильмлар бутун дунё қарши бўлса ҳам, ички овозни эшитиш, ўзингизга содиқ қолиш ва тўғри деб билган нарсаларингиз учун курашиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.
“Оила боқувчи” (2017)
Режиссёр: Нора Tumi
“Толибон” ҳукмронлиги остидаги Кобул аёлларнинг эркак ҳамроҳисиз кўчага чиқиши мумкин бўлмаган жой. Бош қаҳрамон Парвона ўқитувчи отаси туфайли ўқиш ва ёзишни билади, аммо отаси тақиқланган китобларни ўқигани учун қамоққа олинади. Оила боқувчисиз қолгач, у ўғил бола кийимини кийиб, озиқ-овқат излаб шаҳарга чиқишга қарор қилади.
“Оила боқувчи” Афғонистон ва Покистонда кенг тарқалган маданий ҳодиса — бачапош (форсча — “ўғил боладек кийинган”)ни тасвирлайди. Қизча эркин юриш ва иш топиш учун эркаклар кийимини кийиб, узун сочларини яширади. Бу танлов Парвонага вақтинчалик имтиёзлар берса-да, бутун оиласини фош бўлиш хавфи остида қолдиради.
“Кагуя маликаси ҳақидаги афсона” (2013)
Режиссёр: Исао Такаҳата
Энг қадимги япон ҳикояларидан бири — “Бамбук кесувчи чол ҳақидаги қисса”нинг экранлаштирилган талқини. Камбағал чол бамбук новдасида кичкина қизча топиб олади. Чол ўша бамбукдан олтин ва ипак топмагунча қизчани кампири билан бирга тарбиялайди. Буни тақдир белгиси деб билган чол қизни олийҳиммат хоним сифатида тарбиялаш керак, деган хулосага келади. Ота-онаси уни пойтахтга олиб кетишади, қизга Кагуя исмини беришади ва сарой хоними ҳаётига тайёрлашга киришадилар.
Малика Кагуя ҳаёцевар ва мустақил қаҳрамоннинг тимсоли ҳисобланади. У сарой одоб-ахлоқини ва ситра чалишни осонликча ўзлаштиради, бироқ юқори табақанинг қолипига сиғишдан ва манфаат юзасидан турмушга чиқишдан бош тортади.
“Аврил ва сохта дунё” (2015)
Режиссёрлар: Кристиан Димар, Франк Экинджи
Дунёда машҳур олимлар — Алберт Эйнштейн, Никола Tesla, Сергей Королев ва бошқалар ғойиб бўла бошлайди. Уларнинг йўқолиши туфайли технологик тараққиёт секинлашиб, кўмир энергиясига боғлиқлик ресурслар учун урушларга олиб келди. Қолган олимлар ҳукумат учун ишлашга ва янги қуроллар яратишга мажбур бўлади.
Бош қаҳрамон Аврилнинг оиласи ҳокимиятдан яширинча ҳар қандай тирик мавжудотни ўлим ва касалликлардан ҳимоя қила оладиган “сирли зардоб” препаратини яратиш бўйича тажрибалар ўтказаётган эди. Бироқ полиция уларни фош қилгач, оила қочишга мажбур бўлади ва Аврил ота-онасидан ажралиб қолади. Қизнинг ягона ҳамроҳи гапирувчи мушук Дарвин бўлиб қолади.
Ўн йил ўтгач, Аврил таъқиблардан яширинган ҳолда ўз лабораториясида ишини давом эттиради. Дарвин, дўсти Юлий ва бобоси билан биргаликда у глобал инқирознинг олдини олишга ва оиласини қутқаришга ҳаракат қилади.
“Ёввойи оила” (2024)
Режиссёр: Клод Баррас
Бош қаҳрамон Керия Борнео оролида улғаяди. Унинг отаси палма ёғи ишлаб чиқариш учун ўрмонларни кесадиган компанияда ишлайди. Маҳаллий пунан қабиласи учун ўрмон шунчаки ер эмас, балки ҳаётнинг ягона манбаи, шу боис улар уни йўқ қилишни тўхтатишга уринади.
Керия ўзи пунанлар авлодидан, бироқ онаси вафот этгач, отаси уни шаҳарга олиб кетган. У қизининг цивилизация ёнида хавфсизроқ бўлишига умид қилади, аммо энг катта хавф ёввойи ўрмон эмас, балки уни йўқ қилаётган одамлар эканлиги маълум бўлади. Қаҳрамонга ўз илдизларига қайтишида амакиваччаси Селай, меҳрибон бува-бувиси ва қўлга ўргатилган орангутан Оши ёрдам беради. Улар билан бирга қиз ўз халқининг маданиятини кашф этади ва табиат кучини ҳис қилишни ўрганади.
“Бўрилар ҳақида афсона” (2020)
Режиссёрлар: Томм Мур, Росс Стюарт
“Бўрилар ҳақида афсона” — “Овчи қиз”ни яратган Cartoon Салоон студиясининг яна бир асари. Бу сафар воқеалар XVII аср Ирландияда кечади. Робин — лорд-протекторга хизмат қилувчи инглиз овчисининг қизи. Қизалоқ отасининг изидан боришни орзу қилади, бироқ отаси унга қалъа деворидан ташқарига чиқишни қатъиян ман этади: афсоналарга кўра, ўрмонда бўри-одамлар яшармиш. Робин барибир қочиб кетади ва ўрмонда Меб — сирли афсоналардаги бўрига айланиш қобилиятига эга бўлган қизил сочли ёввойи қизни учратади.
Бўри-одамлар дунёси шаҳарликлар ўйлаганидек даҳшатли эмас экан. Меб билан дўстлашгач, Робин ҳайвонлар душман эмас, балки ўрмоннинг ажралмас қисми эканлигини англайди. У отасига бўриларни қириб ташлаш шарт эмаслигини исботлашга уринади, аммо отаси уни тинглашни истамайди. Айнан шу пайтда Робин ўз сирини билиб олади: тушида у ҳам бўрига айланар экан.
“Вақтни бўйсундирган қиз” (2006)
Режиссёр: Мамору Хосода
Макото — ўқувчи қиз, ҳаётидаги энг омадсиз кунлардан бирини бошдан кечирмоқда: у поезд тагида қолишига оз қолади, дарсларга кечикади ва ўқишда муваффақиятсизликка учрайди. Кутилмаганда унинг қўлига вақт ичида саёҳат қилиш мосламаси тушиб қолади. Аввалига у бу янги кучдан кундалик ҳаётида фойдаланади: баҳоларини тўғрилайди, спорт натижаларини яхшилайди, дўстларининг муносабатларига аралашади. Бироқ вақт ўтиши билан маълум бўладики, вақт ичида саёҳатлар сони чекланган экан ва баъзи қарорларнинг оқибатларини энди ўзгартириб бўлмайди.
Изоҳ (0)