Рақобат қўмитаси сўрови асосида UzAutoMotors шартномаларидаги бир томонлама шартлар бекор қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, компаниянинг дилерлик корхоналари тақдим этаётган шартномалари (8 та банд ва 45 та кичик банддан иборат) ўрганилганда қонунчиликка номувофиқ ҳолатлар мавжудлиги аниқланди. Рақобат қўмитаси таҳлили натижасида UzAutoMotors АЖни жалб қилган ҳолда шартноманинг 21 та кичик банди қонун талабларига мувофиқлаштирилди.
Жумладан:
- Пулни қайтариш муддати. Аввал қўшимча шартнома имзоланган кундан бошлаб 30 кун бўлган. Эндиликда 10 кун муддатга қисқартирилди.
- Автомобильни етказиб бериш кечикиши. Аввал ишлаб чиқарувчига боғлиқ бўлмаган ҳолларда, ишлаб чиқаришда вақтинча узилиш юз берса, автомобилни етказиб бериш муддати 3.1-бандида белгиланган муддатдан 45 кунгача узайтирилиши мумкинлиги сотувчининг мажбуриятлари бўлимида белгиланган эди. Эндиликда ушбу банд форс-мажор бўлимига кўчирилди.
- Такроран шартнома тузиш ҳолати. Аввал бир русумдаги автомобиль учун бир йилда қайта шартнома тузиш ҳолати аниқланганда автомобилни етказиб бериш муддати қўшимча 120 кунгача узайтирилиши мумкин эди. Эндиликда бу банд тўлиқ олиб ташланди.
Шунингдек, шартномада сотувчининг қонунчиликда белгиланган мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб қўйилди.
Рақобат қўмитаси мазкур соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар тизимли равишда давом эттирилишини билдирди.
Изоҳ (0)