Андижон вилоятида 28 ёшли халқаро террористик ташкилот тарафдори 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, вилоятнинг Андижон туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро 2023 йилдан бошлаб “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг медиа тарғиботчилари таъсирига тушиб, ташкилотнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилишга, “шаҳид” кетишга даъват қилувчи, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи ғояларини қўллаб-қувватлаб, материалларини ижтимоий тармоқдаги профиллари орқали тарқатган.
ХТТ аъзолари билан доимий алоқага киришиб, ташкилот сафида “жиҳод” амалини бажариш орқали қуролли тўқнашувлар ва террористик ҳаракатларда иштирок этишни режалаштирган.
Бундан ташқари, ушбу фуқаро ХТТ аъзоларига бевосита молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида мунтазам равишда пул маблағларини жўнатган. Хусусан, 2023—2024 йиллар давомида умумий ҳисобда криптовалюта орқали 2912 АҚШ доллари ва банк карталари орқали 4 миллион 190 минг сўм пул юборган.
Кейинчалик, 2023—2024 йилларда Суриядаги террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун Қирғизистон орқали икки маротаба Туркияга борган. Аммо ушбу давлатга ўтишнинг имкони бўлмагач, ХТТ аъзосининг кўрсатмаси билан Афғонистонга бориб, “Ислом жиҳоди иттиҳоди” халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилишни режа қилган. Эрон орқали Афғонистонга ўтишга уринган ушбу шахснинг режаси охирига етмай, 2024 йилнинг ноябрь ойида қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди томонидан мазкур фуқаро Жиноят кодексининг 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми, 155-3-моддаси (терроризмни молиялаштириш) 2-қисми “а” банди, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
2024 йил ноябрида Қўқонда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдорлари бўлган шахслар 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилганди. 2025 йил 19 июлида Наманган шаҳрида халқаро террористик ташкилот тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ фош этилди.
Изоҳ (0)