Ўзбекистон терма жамоаси вингери Аббосбек Файзуллаев Москванинг “ЦСКА” клубидан “Башакшеҳир”га кўчиб ўтди. Шундан кейин футболчи ўзининг Instagram саҳифаси орқали Москва клуби мухлисларига хайрлашув мактуби йўллади.

У “ЦСКА” мураббийлари, жамоадошлари ва мухлисларига миннатдорлик билдириб, ушбу жамоа орқали терма жамоада ўз ўрнини топганини айтди:
“ЦСКА” раҳбарияти ва мураббийларига, хусусан Владимир Федотов ҳамда Марко Николичдан жуда миннатдорман. Бу клубда сидқидилдан меҳнат қилиб, мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қилдим. Жамоадошларим ва клуб ходимларига ҳам ташаккур. Улар мени илиқ кутиб олишди. “ЦСКА” орқали терма жамоада ўз ўрнимни топдим, Олимпиадада қатнашдим ва Жаҳон чемпионатига йўлланма олдик. “ЦСКА” ва унинг мухлисларига миннатдорман. Клуб доим қалбимда қолади.
Энди мен “Башакшеҳир” футболчисиман. Бу — янги босқич ва катта имконият. Туркия маданияти бизга яқин, чемпионат эса кучли ва рақобатбардош. “Башакшеҳир” билан Еврокубокларда ўйнаш менга катта илҳом беради. Клубга ёрдам беришга тайёрман, дейди Файзуллаев.
Маълумот учун, Файзуллаев “ЦСКА”дан “Башакшеҳир”га 7,5 миллион евро эвазига трансфер қилинди. У ҳозир жамоадаги энг қиммат футболчиси ҳисобланади. Файзуллаев турк клуби сафида 11-рақам остида ҳаракат қилади.
Изоҳ (0)