18 июль куни Ҳиндистон кинотеатрларда Yash Raj Films студияси томонидан суратга олинган “Саияара” номли романтик мусиқий фильм премераси бўлиб ўтди. Унда Чанки Пандейнинг жияни Аҳан Пандей ва ёш актриса Анит Падда (у илгари “Салаам Венкй” фильмида Каджол билан бирга рол ўйнаган ва “Катта қизлар йиғламайди” сериалида иштирок этган) дебют қилди.

Фильм ижодкорлари лойиҳани тақдим этишдан аввал ноодатий қарорга келишди — улар реклама кампанияси ўтказишдан бош тортди. Бош ролларни ижро этган Аҳан ва Анит оммавий ахборот воситалари билан умуман мулоқот қилмади, ҳеч қандай интервью бермади ва фильм муаллифлари тарғибот ишлари билан шуғулланмади.
Бу ёндашув бугунги кундаги одатий реклама стратегияларидан кескин фарқ қилади. Одатда Болливудда таниш-билишчилик жуда чуқур илдиз отган, бундай актёрлар ўз лойиҳаларини кенг тарғиб қилишга ҳаракат қилади. Аммо бундай тартиб томошабинни премерадан анча олдин зериктириб қўяди. Турли тадбирлар ва ижтимоий тармоқларда доимий кўриниш бериш баъзида фильм обрўсига путур етказади.

Шу сабабли режиссёр Мохит Сури фильмни рекламасиз олиб чиқиш ва бош қаҳрамонларни премерагача саҳнага чиқармасликни режалаштирди. У непотизм ҳақидаги баҳслар ва бефойда саволларга тўла интервьюлардан қочишни истади:
“Болливудда тарғибот ишлари доим ҳам фильмнинг ўзига қаратилмайди. ОАВ билан мулоқот, асосан, ъижодий жараёндаги қизиқарли воқеаларъ ва шунга ўхшаш ортиқча саволлар билан чегараланиб қолади”, дейди режиссёр.
Охир-оқибат бундай стратегияга эга фильм катта муваффақиятга эришди: фильмга аталган саундтрек ҳитга айланди ва “Саияара” янги актёрлар иштирокидаги энг шов-шувли дебют сифатида эътироф этилди.
“Саияара” сюжети жиҳатидан 2013 йилдаги “Иш йўлидаги ҳаёт 2” фильмига ўхшаш мелодрама. Фильм машҳурлик босими остида қолган йигит ва мустақил яшашни истаган қиз ўртасидаги севги ҳақида ҳикоя қилади. Улар мусиқага бўлган қизиқиш орқали танишиб, шахсий муаммолари ва жамият босими фонида муносабатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади.
Изоҳ (0)