Жорий йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 807,9 трлн сўмдан ортди. Бу 2024 йил мос давридагидан 7,2 фоиз юқори.
Статистика қўмитаси таҳлилига кўра, олти ойда саноатда ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоиз ошди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 4 фоиз, қурилиш 10,7 фоиз ўсди. Хизматлар кўрсатиш соҳасида ўсиш суръати 8,2 фоизни ташкил этди.
Ишлаб чиқариш ҳажмлари
Ярим йил мобайнида корхоналар томонидан 488,5 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Соҳадаги умумий кўрсаткичнинг 85,1 фоиз улуши ишлаб чиқарадиган саноат ҳиссасига тўғри келган.
Олти ой давомида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат) лари ҳажми 194,9 трлн сўм сўмга етди. Бунда асосий улуш (188,8 трлн сўм) деҳқончилик, чорвачилик, овчилик соҳаларда кўрсатилган хизматлар ҳиссасига тўғри келган.
Ҳисобот даврида мамлакатда 137,5 трлн сўмдан ортиқ қурилиш ишлари бажарилган. Шундан 71,6 трлн сўмлик (52,1 фоиз) қурилишлар кичик корхоналар ва микрофирмалар томонидан амалга оширилган.
Инфляцияга таъсир қилган омиллар
2025 йил январь–июнида республикда инфляция даражаси 4,2 фоизни ташкил этган (2024 йил мос даврида 5,2 фоиз эди). Бу даврда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,7 фоиз қимматлашиб, инфляция даражасини 0,77 фоиз оширган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари эса 3,1 фоизга кўтарилиб, инфляция 0,98 фоиз ўсишига олиб келган.
Ярим йил мобайнида хизматлар нархлари 10,7 фоиз қимматлашди. Бунинг натижасида умумий инфляция кўрсаткичи 2,43 фоиз ўсди.
Олти ойда турар-жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари 2024 йил декабрдагидан 13,2 фоиз қимматлашган. Транспорт хизматлари нархи 9 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари қиймати 1,5 фоиз ошган.
Ўтган даврда рестаран ва меҳмонхоналар хизматлари нархлари 5,4 фоиз, ахборот ва алоқа 5,3 фоиз, таълим 3,9 фоиз қимматлашган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш хизматлари нархи 4,1 фоиз, маиший товарлар ва хизматлар эса 4,8 фоиз ошган.
Ташқи савдо айланмаси
Олти ой ичида Ўзбекистон экспорти ҳажми 16,9 млрд долларни (ўтган йил мос давридагидан 29,1 фоиз кўп) ташкил этди. Импорт эса 20,1 млрд доллар (2024 йил I яримидагидан 7 фоиз ошган) бўлди.
Экспорт таркибида товарлар экспорти 76 фоиз улушга эга. Шундан олтин экспорти қарийб 38,4 фоизни ташкил этган.
Импорт таркибида машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари улуши энг юқори — 32,9 фоиз.
Корхона ва ташкилотлар сони
2025 йил 1 июль ҳолатига республикада фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотлар сони 463 мингтани ташкил этди. Шундан 393,4 мингтаси кичик корхона ва микрофирмалардир. Мазкур рақамларда фермер ва деҳқон хўжаликлари инобатга олинмаган.
Ҳудудлар бўйича энг кўп корхоналар Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда —103 минг 957 та.
Энг кўп корхоналар савдо соҳасида — 151 минг 189 та. Ўз навбатида саноатда 59 минг 10 та, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасида 34 минг 779 та, қурилишда 29 минг 400 та корхона ишламоқда.
“2025 йил январь–июнь ойларида республикада 43,3 мингта корхоналар ва ташкилотлар очилди. Шундан кичик корхона ва микрофирмалар сони 40,3 мингтани ташкил этди”, дейилади Статистика агентлиги шарҳида.
Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони 16 минг 685 тага етди. Улардан 4 минг 124 таси қўшма, 12 минг 561 таси хорижий корхоналардир.
Изоҳ (0)