Мадриднинг “Реал” клуби ёзги трансфер ойнасида бразилиялик футболчи Родригони сотишни мақсад қилган. Diario АS нашрининг хабар беришича, клуб 90 миллион евродан камроқ таклифларни ҳам кўриб чиқишга тайёр.

Аввалроқ “қаймоқранглилар” футболчини 100 миллион евродан қимматроққа сотишни режалаштирган эди, аммо харидор клублар бу суммани тўлашдан бош тортди. Шу боис мадридликлар футболчини арзонроқ нархда бўлса-да, трансфер қилишни истамоқда.
Хаби Алонсо “Реал” бош мураббийлигига тайинлангач, Родригонинг клубни тарк этиш эҳтимоли янада ошди. Сабаби, испаниялик мутахассис уни асосий таркиб футболчиси сифатида кўрмаяпти ва бу ҳолат Родригонинг кетишига сабаб бўлмоқда. Родригога бир қатор клублар, хусусан, “Арсенал”, “Манчестер Сити”, “Ливерпуль”, “ПСЖ” ва “Бавария” жиддий қизиқиш билдирмоқда. Узоқ вақт давомида асосий даъвогар сифатида Лондоннинг “Арсенал” клуби тилга олинаётган эди, аммо “тўпчилар” нархнинг юқорилиги боис ҳужумчини сотиб олиш фикридан қайтди.
Маълумот учун, Родриго 2019 йилда Бразилиянинг “Сантос” клубидан “Реал”га трансфер қилинган эди. У ўтган йиллар давомида жамоа билан кўплаб совринларни қўлга киритди. Унинг “Реал” билан шартномаси 2028 йилгача амал қилади. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 90 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)