Ўзбекистонда 2026 йилда давлат ходимлари иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори камида 6-7 фоизга оширилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган Фискал стратегияда ёзилган.

Фискал стратегияга кўра, мамлакатда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар йиллик инфляция даражасидан юқори миқдорда ошириб борилади.
Қайд этилишича, жорий йилда йиллик инфляция даражаси 8 фоиз бўлиши кутилмоқда. Шунга мос равишда июлдан пенсия ва нафақалар, августдан иш ҳақлари 10 фоиз оширилди.
2026 йилда Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 6-7 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори ҳам камида шунча кўтарилади дегани.
Вазирлик таҳлилида мамлакатда 2027 йилги инфляция даражаси 5-6 фоиз, 2028 йилда эса 5 фоиз бўлиши кутилмоқда. Мазкур кўрсаткичлар ҳам иш ҳақи, пенсия ва нафақалар камида 5-6 фоиз оширилишини англатади.
Фискал стратегияда республикада давлат ходимлари иш ҳақи 1 фоизга оширилса, бюджет харажатлари 1,7 трлн сўмга кўпайиши қайд этилган. Агар пенсия миқдори 1 фоиз кўтарилса, бюджет чиқимлари 861 млрд сўм, ижтимоий нафақа олувчи оилалар сонининг қўшимча 10 фоизга кўпайиши харажатларни 1,6 трлн сўмга оширади.
Етилмаётган мақсад аслида орзумиди?
2019 йилдаги президент фармони билан Ўзбекистонда инфляция бўйича доимий мақсад (таргет) 5 фоиз этиб белгиланган. Мазкур мақсадга эришиш вазифаси Марказий банк зиммасига юклатилган. Фармонда регуляторга инфляцияни 2021 йилда 10 фоизга пасайтириши, 2023 йилда эса 5 фоиз даражасига тушириши вазифаси қўйилган. Бироқ бу мақсад эмас, етиб бўлмаётган орзуга айланаётгандек.
Бугунгача инфляция таргетига етиш муддатлари олти мартагача ўзгартирилди. Марказий банк 2020 йилдан инфляцион таргетлашга ўта бошлаган. Ўша пайтда доимий инфляция мақсади — 5 фоизга 2023 йилга келиб эришилиши белгиланган. 2022 йилда 5 фоизлик таргетга эришиш муддатини 2024 йил охирига, 2023 йилда эса бу муддат 2025 йил иккинчи ярмига кўчирилган. 2024 йил октябрда муддат тўртинчи бор ўзгартирилган. Яъни мақсадга 2026 йилнинг иккинчи ярмида етилиши айтилган.
Жорий йил май ойида таргетга етишнинг навбатдаги янги муддати эълон қилиниб, инфляция даражаси 2027 йилда 5 фоизга пасайиши билдирилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Фискал стратегиясида эса муддат еттинчи бор кейинга қолдирилди. Ҳужжатда энди мамлакатда 5 фоизлик инфляцияга 2028 йилга борибгина эришиш мумкинлиги ёзилган.
Изоҳ (0)