Жорий йил июнь ойида Марказий банк аҳолининг нақд пулдан фойдаланиши юзасидан сўров ўтказди. Натижаларга кўра, Ўзбекистон бўйича Андижон вилоятида аҳоли нақд пулдан энг кўп фойдаланмоқда.

Таҳлил қилинишича, Андижонда аҳоли кундалик товарларни харид қилишда 24 фоиз ҳисоб-китобларни нақд пулда амалга оширади. Бу республиканинг бошқа ҳудудларидагига қараганда энг юқори кўрсаткичдир. Шу билан бирга, Жиззах, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ҳам савдоларнинг 20 фоиз тушумлари нақд пулда бўлади.
Нақд валютадан энг кам фойдаланувчилар Тошкент шаҳри аҳолиси (6 фоиз) экани қайд этилган.
Сўровда иштирок этганлардан 15 фоизи тўловларни нақд, 33 фоиз банк картаси орқали амалга оширишини билдирган. Қолган 52 фоиз қатнашчи ҳар иккала тўлов шаклидан ҳам фойдаланишини айтган.
Марказий банк ўрганишларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли томонидан энг кўп ишлатилаётган валюта 10 минг сўмлик ҳисобланади.
Респондентларнинг 87 фоизи иш ҳақларини банк картаси орқали, 6 фоизи нақд шаклда олади. Қолган 7 фоизи эса ҳам нақд, ҳам карта орқали ойлик олаётганини билдирган.
Аҳоли 23 фоиз жамғармаларини нақд пулда тўплайди. Омонатларининг 36 фоизини банкка борган ҳолда нақд пул шаклида жойлайди.
Аввалроқ жорий йил I ярмида мамлакатда нақд пулга талаб 2024 йил мос давридагидан 23 фоизга ошгани хабар қилинганди. 2025 йил январь–июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 563 трлн сўмни ташкил этган. Ярим йил давомида Марказий банк муомалага қўшимча 5,2 трлн сўм нақд пул чиқарган.
Изоҳ (0)