Қозоғистоннинг Halyk Bankʼи Ўзбекистондаги Click компанияси акцияларини сотиб олиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати “Дарё”га маълум қилди.

Шартномага кўра, Halyk Click акцияларининг 49 фоизини 176,4 миллион долларга сотиб олади, шунингдек, ўзининг тўлиқ назоратидаги Ўзбекистон шўба корхонаси Tenge Bank акцияларининг 49 фоизини Click акциядорларига 60,76 миллион долларга сотади.
Ушбу шартноманинг имзоланиши икки томон ўзларининг мавжуд ҳуқуқий тузилмаларини сақлаб қолган ҳолда ўзаро ҳамкорликда ишлаш имкониятини яратади.
“Бу Click компанияси учун тарихий лаҳза. Halyk Bank билан ҳамкорлик ва Tenge Bank билан имкониятларни кенгайтириш — миллионлаб фойдаланувчиларга жаҳон даражасидаги рақамли молиявий хизматларни тақдим этиш йўлида муҳим қадамдир. Шу билан бирга, Click акцияларининг назорат пакети амалдаги акциядорларда қолади ва, албатта, компания миллий бренд йўлини давом эттиради”, деди компания бош директори Улуғбек Рустамов.
Click миллионлаб фойдаланувчиларга ўзининг доимий форматида хизмат кўрсатишда давом этади. Компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Clickʼнинг 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчилари Tenge Bank томонидан тақдим этиладиган замонавий ва фойдали таклифлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
B2B соҳасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади: Click билан ҳамкорлик қилаётган 70 мингдан ортиқ сервис корпоратив банк маҳсулотларига ҳам кириш имконига эга бўлади. Бу эса тадбиркорлар учун ягона рақамли муҳитда тўлов ва банк хизматлари интеграциялашган ноёб тизим яратади.
Click — онлайн тўловлар бозорида биринчи ўринни эгалловчи Ўзбекистоннинг етакчи финтех компаниясидир. У 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчига хизмат кўрсатади.
Tenge Bank — корпоратив ва хусусий мижозларга замонавий банк технологияларини қўллаган ҳолда молиявий хизматларни тақдим этувчи универсал банк. Айни пайтда Tenge Bank 100 фоиз “Қозоғистон Халқ Банки” (Halyk Bank) АЖга тегишли шўба корхона.
Halyk Bank — чакана, кичик ва ўрта бизнес, корпоратив банк хизматлари, суғурта, лизинг, брокерлик хизматлари, активларни бошқариш ва лайфстайл-хизматлар соҳаларида фаолият юритувчи Қозоғистоннинг етакчи молиявий гуруҳи. Банк мамлакатдаги энг йирик мижозлар базасига эга ва энг кенг филиаллар тармоғига эга — бутун мамлакат бўйлаб 542 та филиал ва бўлимлар мавжуд. Шунингдек, банк Грузия ва Ўзбекистонда ҳам фаолият юритади.
Изоҳ (0)