Арманистонда сохта инвестиция платформаларига асосланган йирик халқаро фирибгарлик схемаси иштирокчиси ҳибсга олинди. Бу ҳақда Арманистон Тергов қўмитаси маълум қилди.

Тергов маълумотларига кўра, С.Х. исмли фуқаро 2021 йилнинг ноябрь ойидан 2023 йилнинг декабригача камида 144 кишидан, шу жумладан, вояга етмаганлардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятида иштирок этган.
Жиноий схема юқори даромадли инвестицияларни ваъда қилувчи ҳамда фойдаланувчиларни идентификация қилиш элементларини ўз ичига олган сохта сайтларни яратишдан иборат бўлган. Фирибгарлар одамларни чалғитиб, тез фойда олиш умидида улар ўтказган маблағларни ўғирлашган.
Жабрланганларнинг умумий сони турли мамлакатлардан келган 1400 кишидан ошган, етказилган зарар миқдори эса 810 миллион драмм (тахминан 2,16 миллион доллар) атрофида бўлган.
С.Х.га нисбатан ўта кўп миқдордаги компьютер ўғрилиги моддасига биноан жиноят иши қўзғатилган. Айблов хулосаси билан иш материаллари аллақачон прокуратурага топширилган.
Бундан аввал Россиянинг Стерлитамак шаҳрида Ўзбекистон фуқароси россияликларнинг “Давлат хизматлари” порталидаги аккаунтларини бузиб кириб, ўндан ортиқ муҳожирни рўйхатдан ўтказиш иши бўйича қўлга олингани хабар қилинганди.
Май ойида ТеleMassage хавфсиз корпоратив ёзишмалар хизматига рухсатсиз кирган хакер 60 га яқин америкалик амалдор, жумладан, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майк Уолцнинг маълумотларини қўлга киритганди.
Изоҳ (0)