“Калмар ўйини”нинг учинчи мавсуми томошабинларни ўзига ром этди, мухлислар финал ва қаҳрамонлар ҳақида ҳалигача қизғин баҳслашмоқда. Сериалдаги майда-чуйда деталлар ҳам зийрак томошабинлар эътиборидан четда қолмади.
Овқат билан манипуляция қилиш
Ташкилотчиларнинг ўйинчилар эътибор бермайдиган яна бир воситаси — овқатланишдир. Ундан ўйинчиларнинг кайфиятини бошқариш ва назорат қилиш учун фойдаланилади. Бошида тўйимли таомлар берилади. Биринчи мавсумда рацион сув билан тухумгача, учинчи мавсумда эса қайнатилган картошкагача қисқартирилади. Бу очлик асабийлашиш ва ҳолсизликни келтириб чиқаради, шунингдек, ўйинчиларнинг диққатини пасайтиради.
333 рақамли ўйинчининг тақдирига ишора
Сериалдаги ёзувлар нафақат фалсафий ёки ўйинчилар учун кўрсатма вазифасини бажарган, балки томошабинга қаҳрамонларнинг асл моҳиятини тушунишга ҳам ёрдам берган. Масалан, “Бекинмачоқ” ўйини пайтида ўйинчи Ли Менги (333-рақамли ўйинчи) орқасида иккита ёзув пайдо бўлади. Бир саҳнада унинг орқасида корейсча ибора кўринади: 사람 조심 바보. Сўзма-сўз таржимаси: “Эҳтиёт бўлинг, одамлар аҳмоқлардир”. Бошқа кадрда эса яна бир жумла: “Севгидан эҳтиёт бўлинг”. Кейинчалик ўйинчи ҳам севгилисига, ҳам бошқа иштирокчиларга хиёнат қилади, аммо финалда ўзи ҳалок бўлади.
Таймердаги рақамлар
“Бекинмачоқ” ўйинида Ки Хун Кан Деҳони (388-рақамли ўйинчи) қидиради, чунки айнан у сабабли иккинчи мавсумда қочиш режаси барбод бўлганди. Хоинни тутиш учун Ки Хуннинг 30 дақиқаси бор, аммо у ўйин тугашига атиги 4 дақиқа-ю 56 сония қолганда унинг изига тушади. Бу бош қаҳрамоннинг тартиб рақами — 456 га тўғридан-тўғри ишора қилади.
Биринчи мавсумда иштирок этган ўйинчига ишора
Уч мавсум давомида ўйинда турли мамлакатлардан келган ўйинчилар иштирок этади. Шундай иштирокчилардан бири 067-рақамли ўйинчи сифатида танилган Кан Се Бек эди. Қўриқчи Кан Но Ил ҳам худди у каби Шимолий Кореядан. Икки қаҳрамоннинг бир-бирига боғлиқлигини нафақат туғилган жойи, балки иштирокчи аёлнинг исми “дарё тонги”, қўриқчи аёлнинг исми эса “дарё туни” деб таржима қилиниши ҳам кўрсатади.
Ўйинчиларнинг қора рўйхати
Бешинчи эпизодда Кан Но Ил билан боғлиқ яна бир қизиқарли ҳолат кузатилади. У архивга қайтгач, у ерда “Калмар ўйини 2024 архивлари” деб ёзилган бир нечта папкаларни ва чап бурчакда “Ўйинчиларнинг қора рўйхати” файлини топади. Бироқ у 246-рақамли ўйинчи ҳақидаги маълумотларни олиб кетиб, уни йўқ қилишга қарор қилади. Шу сабабли томошабинларга қора рўйхатда кимлар борлиги ва улар у ерга нима учун киритилгани ҳақида маълумот берилмайди.
Режиссёрнинг эпизодик роли
Сериалнинг якуний қисмида режиссёр Хван Дон Хекни кўриш мумкин. У кўча рассоми ролини ижро этган. Тўғри, бу эпизод жуда қисқа ва у орқа планда қолгани учун унинг юзини аниқ кўриш имконсиз, бироқ зийрак томошабинлар режиссёрни дарров таниди.
Ниқобдаги квадрат
Детектив ёрдамчиси Чхве Ву Сок капитан Паркнинг уйидан қўриқчиларнинг пушти рангдаги формаси ва квадрат шаклли ниқобини топиб олади. Бу Паркнинг ташкилотчилар билан алоқасини ҳамда унинг юқори мавқейини исботлайди. Чунки ўйин ортидаги ходимлар иерархиясида айнан квадрат эгалари элитага мансуб ҳисобланади. Доира ва учбурчак эгалари эса тартибни назорат қилиб, асосий вазифаларни бажаради.
Ттакжи ўйини
Сериалнинг охирги дақиқаларида бошловчи 456-рақамли иштирокчининг нарсаларини қизига топшириб қайтаётганида, тор кўчадан таниш овозларни эшитиб қолади. Шунда у машина ойнасини туширади ва Кейт Бланшетт ижро этган америкалик ёлловчи аёлнинг бир тиланчи билан ттакжи ўйнаётганини кўради. Баъзилар буни оригинал сериалнинг Америка спин-оффига ишора деб ҳисобласа, бошқалар эса Ки Хун тизимни енга олмаганига далил деб билади, чунки бундай ўйинлар ҳар бир мамлакатда тарқалиб бўлганди.
Изоҳ (0)