Италия прокуратураси 2026 йилги Милан ва Кортина-д’Ампецсо шаҳарларида ўтказиладиган Олимпияда ўйинлари учун иншоотлар қурилиши бўйича тендерлар ўтказишда эҳтимолий коррупция ҳолатларини тергов қилмоқда. Бу ҳақда Inside the Games портали хабар берди.

Маълумотларга кўра, прокуратура органлари коррупция, ҳужжатларни сохталаштириш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби эҳтимолий қонунбузарликларни текширмоқда. Тергов доирасида 74 киши, жумладан Милан мери Жузеппе Сала ҳам бор. У манфаатлар тўқнашувини яширганлик ва қурилишга рухсат берувчи қўмитага тазйиқ ўтказганликда айбланмоқда.
Тергов асосан шаҳар марказидаги йирик кўчмас мулк қурилиши лойиҳасига қаратилган. Бироқ у Олимпия мажмуаси каби атрофдаги ҳудудлардаги лойиҳаларни ҳам қамраб олмоқда. Олимпия қишлоғида тинтувлар, ҳибсга олишлар ва маблағларни мусодара қилиш орқали текширувлар ўтказилмоқда.

Ўтган ҳафтадаги операциялар давомида идоралар ва хусусий уйларда тинтувлар ўтказилиб, олтита ҳибсга олиш ордери берилган ва шахси ошкор этилмаган қурилиш билан шуғулланувчи тадбиркордан 120 минг евро нақд пул топилган. Суд манбаларига кўра, пуллар унинг уйини тинтув қилиш пайтида топилган.
АБC телеканалининг хабар беришича, Сала айбловларни рад этган ва “виждони тоза” эканини айтиб, истеъфога чиқишдан бош тортган.
Таъкидланишича, Олимпиада—2026 ташкилий қўмитаси жавобгар сифатида кўрсатилмаган, бироқ ўйинларни ташкил этувчи жамғарманинг ҳуқуқий мақоми синчковлик билан ўрганилмоқда.
Италиядаги қишки Олимпия ўйинлари 2026 йилнинг 6—22 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)