Жазоир президенти Абдулмажид Таббун мамлакат маҳсулотларига қўлланган 30 фоизлик АҚШ савдо божларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда TRT Global хабар берди.

Таббун савдо божларини мамлакат иқтисодиётига минимал таъсир кўрсатадиган “суверен акт” деб атади. Унинг таъкидлашича, АҚШ билан савдо Жазоир умумий ташқи савдосининг 0,5 фоизидан камроғини ташкил қилади.
“Биз АҚШга асосан нефть хом ашёси ва арматура экспорт қиламиз. Бу тарифлар иқтисодиётимизнинг ўзагига таъсир кўрсатмайди”, деди Шимолий Африка давлати президенти.
Экспертларнинг таъкидлашича, Жазоирнинг АҚШга қиладиган экспортининг аксарияти божлардан озод қилинган, шу сабаб ушбу тарифларнинг таъсири сезиларсиз бўлади.
Жазоир ва Қўшма Штатлар мураккаб, аммо умуман олганда ижобий муносабатларга эга бўлиб, хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш соҳаларида ҳамкорлик қилади. 1967 йилги араб-исроил урушидан кейин икки давлат ўртасида бир муддат кескин муносабатлар даври ҳукм сурган. Шундай бўлса-да, вақт ўтиши билан улар шерикликни қайта тиклашга муваффақ бўлган. Ҳамкорлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар дастлаб 1962 йилда Жазоир мустақилликка эришгандан сўнг ўрнатилганди.
Маълумот учун, Жазоир иқтисодиёти Африкадаги энг йирикларидан бири бўлиб, асосан табиий ресурсларга, хусусан нефть ва газга таянган. Нефть ва газ экспорти ташқи савдонинг 90 фоизидан ортиғини ташкил этади. Энергия сектори мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 20–25 фоизига тўғри келади.
Изоҳ (0)