Президент фармонига кўра, 2023 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳаж зиёратига борувчиларнинг ягона онлайн навбати барча учун очиқ бўлиши белгиланган эди. Бироқ орадан бир йил-у йигирма кун вақт ўтган бўлса-да, ўзбекистонликлар навбатни онлайн кўриш имкониятига эга эмас. “Дарё” ушбу фармон ижроси натижаларига эътибор қаратди.
Президентнинг ҳаж масаласига оид режалари
Шавкат Мирзиёев 2023 йил 22 июнь куни сурхондарёлик сайловчилар билан учрашув чоғида келгуси етти йилда ҳаж масаласига оид режалар ҳақида тўхталиб, зиёратчилар учун ягона онлайн, очиқ-ошкора навбат тизими жорий қилинишини билдирган эди.
Орадан беш ой ўтиб, ноябрь ойи охирларида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳаж тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотларни Очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритиш таклифи илгари сурилаётгани маълум қилинганди.
Ҳажга навбат ҳар чоракда эълон қилиниши лозим эди
Ушбу хабардан бир неча кун ўтиб, президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ўзбекистонда 2023 йил 1 декабрдан бошлаб ҳаж зиёратига борувчиларнинг ягона онлайн навбати барча учун очиқ бўлиши белгиланган.
Фармоннинг иккинчи иловасига мувофиқ ҳудудлар кесимида ҳаж тадбирларига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси, навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами ва зиёрат тури) маълумотлар ҳар чоракда расмий веб-сайтда эълон қилиниши лозим.
Мусулмонлар идораси жавоби
Маълумотларни жойлаштириш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ҳисобланади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг эски ва янги талқинидаги веб-сайтида навбат юзасидан маълумотларни топиб бўлмади.
Идоранинг қабулхонасига қўнғироқ қилганимизда ушбу масалалар билан идора ҳузуридаги ҳаж ва умра маркази шуғулланишини билдириб, уларнинг алоқа рақамларини беришди.
Бир неча уринишлардан сўнг марказ мутасаддилари билан боғланганимизда марказ фақат Умра масалалари билан шуғулланишини, бу бўйича масъуллар борлигини айтиб, матбуот хизматидан маълумот олишни маслаҳат берди.
Шундан сўнг, Мусулмонлар идораси матбуот хизмати вакили Неъмат Мусаев билан боғланганимизда у ушбу масала бўйича Дин ишлари бўйича қўмитанинг зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими шуғулланаётганлигини билдирди.
Унга жавобан фармонда Мусулмонлар идораси масъул этиб белгиланганини айтганимизда телефонни бўлим бошлиғига беришини айтиб, Комил Бурҳонов билан боғлади. У эса бу масала бўйича ҳаж ва умра маркази шуғулланишини, улардан маълумотларни олиб юборишини айтди.
Бироқ суҳбатдан сўнг уч кун давомида Комил Бурҳонов Telegram орқали “Мутасаддилар билан гаплашамиз”, “Масъулларга юбордим”, “Масъуллар билан хабарлашай-чи” деган жавоблардан нарига ўтгани йўқ. Маълумотлар ҳам берилмади.
“Ғойиб бўлган” қўмита сўзчиси
Янада аниқлик киритиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг матбуот котиби Илҳом Маърупов билан телефон орқали боғланганимизда, у мазкур масала билан қўмитанинг зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими шуғулланишини айтиб, улардан сўрашимиз учун алоқа рақамларини берди. Аммо берилган рақамлар орқали бўлим билан боғланишнинг иложи бўлмади.
Маърупов эса кейинги қўнғироқлар ва Telegram мессенжери орқали юборилган хабарларга жавоб бермади.
Ҳажга бориш учун бир неча йиллар аввал рўйхатга ёздириб қўйган, аммо навбатини билолмаётган кўплаб фуқаролар фармон қабул қилинганида янгиликни кўзларида қувонч билан қабул қилганди.
Аммо, афсуски, орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, масъуллар томонидан президент фармонида белгиланган вазифалар ижроси пайсалга солиб келинаётгани ачинарли.
Бунга ким жавоб беради?
Ҳажга бориш учун рўйхатга ёздирган фуқаролар қачон ўз навбатини очиқ кўришлари мумкин бўлади? Қайси масъул давлат раҳбарининг фармони ижросига масъулиятсизлик билан қарамоқда? Ҳар сафар ҳаж мавсуми бошланганида одамлар орасида вирусдек тарқайдиган “таниш-билишчилик бўлибди, фалончи навбати келиши учун масъулларга пул берибди” каби миш-мишларга қачон чек қўйилади?
“Дарё” мазкур саволларга Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан жўяли жавоб кутади.
Изоҳ (0)