2024 йил августида бўлиб ўтган Остона саммити минтақа Марказий Осиё бешлиги доирасида ҳар томонлама кооперацияни кенгайтиришга бўлган интилишини намойиш этди. Бу ҳақда президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов “Ўзбекистон ташқи сиёсатида Янги Марказий Осиё” номли мақоласида қайд этди.
Мақолада айтилишича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви минтақадаги барча мамлакатларнинг сўнгги олти йилдаги навбатма-навбат раислиги якунларини рамзий тарзда сарҳисоб қилди ва ушбу ноёб форматдаги давлатлараро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Абдулазиз Комилов 2018 йилда Остонада ўтказилган биринчи учрашувдан буён ўтган даврда Марказий Осиё мамлакатлари анча катта йўлни босиб ўтганини таъкидлаб, бу ҳақда гапирганда, Марказий Осиёнинг замонавий қиёфасини ўзгартириб, минтақани тинчлик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик маконига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг барча асосий босқичларини эслашни ўринли деб топди.
“Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Биз чегара ҳудудларидаги можаролар ва миналанган далаларга, транспортблокадаларига, савдо соҳасида баланд тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ эдик.
Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди”, дейди Президентнинг махсус вакили.
Унинг билдиришича, минтақадаги баъзи кучлар ишончсизлик руҳини авж олдириш ва умумий тарихий меросдан ўз манфаатлари учун фойдаланиш орқали мухолифлик ва рақобатни келтириб чиқарарди.
“Тарқоқлигимиз бизни заифлаштирар, бирлашиш истиқболларидан маҳрум этар, минтақа салоҳиятини муштарак манфаатлар йўлида рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилар эди”, дейди Абдулазиз Комилов.
Унинг таъкидлашича, буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён тинч-тотув яшаб келган, бир динга эътиқод қилган, умумий урф-одат ва анъаналарга эга бўлган, минглаб кўринмас ришталар билан боғланган Марказий Осиё халқларининг маданий-цивилизациявий қадриятларига мутлақо зид эди. Қолаверса, глобал ишонч инқирозининг чуқурлашуви ва қуролли можароларнинг кескинлашуви минтақанинг барқарорлиги ва изчил ривожланишига салбий таъсир кўрсата бошлади.
Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва халқлари каби Ўзбекистоннинг ҳам фаровонлиги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларга, минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигига боғлиқ, деган тушунча тобора мустаҳкамланди.
Изоҳ (0)