Индонезияда полиция чақалоқларни Сингапурга сотган 12 нафар одам савдогарларини ҳибсга олди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Полициянинг маълум қилишича, бу ҳолат ота-она гўдак ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берганидан сўнг аниқланган. Гумондорлар 24 нафар чақалоқни сотганини тан олган. Гўдакларнинг аксарияти Ғарбий Ява провинциясида ўғирланган.
“Маълумотларга кўра, 14 нафар чақалоқ Сингапурга сотилган. Уларнинг ёш диапазони асосан бир ёшгача, баъзилари 3, 5 ва 6 ойлик”, дейилади полиция баёнотида.
Расмийлар Понтианак шаҳрида 5 нафар ва Тангеранг шаҳрида бир нафар чақалоқни қутқаришга муваффақ бўлган. Қўшимча қилинишича, чақалоқлар 11 миллиондан (676 доллар) 16 миллион Индонезия рупиясигача (983 доллар) сотилиши керак эди. Шунингдек, Жакарта, Понтианак ва Бандунг шаҳрида ўнлаб гумонланувчилар ҳибсга олинган. Одам савдоси билан шуғулланувчилар 2023 йилда чақалоқ синдикатига асос солгани маълум бўлди.
Таъкидланишича, ҳар бир гумонланувчининг ўз вазифаси бўлган. Баъзилар чақалоқ топиш билан шуғулланса, баъзилари уларга ғамхўрлик қилган. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳам алоҳида шахслар тайинланган.
Индонезияда одам савдоси кам учрайдиган ҳолат эмас. 2022 йили Шимолий Суматрадаги палма ёғи плантациясида ўғирлаб кетилган 57 нафар киши қафасда топилган эди.
Изоҳ (0)