Бугун, 20 август куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Хабарга кўра, давлат раҳбари мулоқот аввалида уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши кўпайиб бораётганини айтган.
“Илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз ‘текшир-текширлар’ сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қоларди. Ҳозир эса уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор”, дейилади манба хабарида.
Мулоқотда тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилгани қайд этилган. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилган.
Маълумот учун, учрашувда республиканинг барча ҳудудларидан 300 га яқин тадбиркор ва инвесторлар тўпланган. Шунингдек, хорижда бизнесини йўлга қўйган яна 40 дан зиёд ўзбекистонлик иштирок этмоқда. Ҳудудий студиялардан 3 мингга яқин бизнес вакиллари қатнашяпти.
Изоҳ (0)