Исроил армияси Қурбон ҳайити арафасида Байрут жанубий чеккасида жойлашган бир нечта объектларга авиазарба берди. Ҳарбийларнинг баёнотига кўра, ҳужум нишонида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан дрон ишлаб чиқаришга мўлжалланган ерости иншоотлари бўлган.

Бу яҳудий давлати томонидан Ливан пойтахти яқинига бир ойдан ортиқ вақт ичида берилган илк зарбадир. У, шунингдек, АҚШ воситачилиги билан ўтган йилнинг ноябрь ойида тузилган ўт очишни тўхтатиш битимидан бери тўртинчиси ҳисобланади.
Зарба берилишидан аввалроқ Исроил томони огоҳлантириш эълон қилиб, тўрт манзилдаги саккизта бино нишонга олиниши ҳақида хабар қилди.
Исроил ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг ҳам деярли ҳар куни Ливан жануби ва шарқидаги ҳудудларга ҳужумлар уюштириб келмоқда. Ливан томони бу ҳужумларни сулҳга зид деб ҳисоблайди.

Бироқ Исроил расмийлари зарбалардан мурод “Ҳизбуллоҳ” яна куч йиғишининг олдини олиш эканини даъво қилади. Уларнинг фикрича, сўнгги уруш пайтида “Ҳизбуллоҳ” ўз раҳбарияти ва қуролларининг катта қисмини йўқотган.
“Ҳизбуллоҳ Эрон террорчи гуруҳлари йўл-йўриғи ва молиявий кўмагида минглаб дронлар ишлаб чиқармоқда”, дейилади Исроил армияси баёнотида.
Бироқ “Ҳизбуллоҳ” на Исроил ҳужумига, на унга қарши ёғдирилган айбловларга жавобан расмий баёнот бермади.
Лекин исмини ошкор этмаслик шарти билан Аl Arabia телеканалига изоҳ берган ташкилот расмийси нишонга олинган ҳудудда дрон ишлаб чиқариш иншоотлари борлиги ҳақидаги даъволарни инкор қилган.
“Ўт очишни тўхтатиш келишувига биноан, агар томонларда шикоят бўлса, уни ўрганиш механизми мавжуд. Бироқ Исроил, хусусан, Нетаньяху минтақадаги урушни давом эттирмоқчи”, деган у.
Мазкур можаро натижасида 4 000 дан ортиқ ливанлик ҳалок бўлган, уларнинг бир неча юз нафари тинч аҳоли вакиллари эди. Ливан ҳукумати апрель ойида баёнот бериб, сулҳ имзоланганидан бери Исроил зарбалари натижасида яна 190 кишини ўлдирилгани, шунингдек 485 киши яралангани ҳақида маълум қилган эди.
“Ҳизбуллоҳ”га нисбатан, ички ва халқаро босимлар ортиб бормоқда. Айниқса Сурияда Башар Асад режими ағдарилгач, вазият янада жиддийлашди. Боиси ташкилот Эрондан муҳим таъминот йўлини йўқотди.

Ливан ҳукумати уни қуролларини топширишга даъват қилмоқда. Бироқ ташкилот вакилларининг айтишича, улар Исроил авиазарбаларни тўхтатиб, Ливан жанубида эгаллаб турган беш нуқтадан чиқиб кетсагина қуролларини топширади.
Изоҳ (0)