Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида бугунги кунда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ҳамда 182 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024 йили ҳудудларда яна 3 та ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 3 та таянч ихтисослаштирилган мактаби янги очилди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга 2024/2025-ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 1 июндан – 20 июнга қадар фақат онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди.
Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари катта сиғимли 56 та ёпиқ биноларда ўтказилиши белгиланган.
2024/2025-ўқув йили учун агентлик тизимидаги мактабларга жами 244 минг 378 та ариза келиб тушган. Шундан:
- Президент мактабларига 62 062 та;
- Ижод мактабларига 5 512 та;
- Таянч ихтисослаштирилган мактабларга 42 785 та;
- Ихтисослаштирилган мактабларга 134 019 та.
Президент мактабларига қабул қилинган ҳужжатлар бўйича битта ўринга ўртача 185 та ҳужжат тўғри келмоқда.
Бунда, бир ўринга қабул қилинган ҳужжатлар бўйича энг юқори кўрсаткич Фарғона вилоятига 293 та, Андижон вилоятига 285 та, Самарқанд вилоятига 249 та, Наманган вилоятига 225 та ҳамда энг паст кўрсаткич Сирдарё вилояти 99 та ҳамда Навоий вилояти 81 та ҳужжат тўғри келди.
Маълумот учун, 14 та Президент мактабининг 5-синфига 336 нафар (ҳар бир мактабга 24 нафардан) ўқувчи қабул қилинади.
Ижод мактабларига қабул қилинган ҳужжатлар бўйича бир ўринга қабул қилинган ҳужжатлар бўйича энг юқори кўрсаткич Наманган вилоятидаги Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабига 35 та, Фарғона вилоятидаги Эркин Воҳидов ҳамда Жиззах вилоятидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабларига 16 тадан энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига 5 та ҳужжат тўғри келди.
Маълумот учун, 9 та ижод мактабининг 7-синфига 400 нафар (ҳар бир мактабга 40/60 нафардан) ўқувчи қабул қилинади.
Ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган ҳужжатлар бўйича энг юқори кўрсаткич Фарғона вилоятига 17 815 та, Самарқанд вилоятига 13 125 та, Андижон вилоятига 12 904 та ҳамда энг паст кўрсаткич Навоий вилоятига 2 987 та, Тошкент шаҳрига 3 626 та, Сирдарё вилояти 5 645 та ҳужжат қабул қилинган.
Таянч ихтисослаштирилган мактабларига жами 42 785 та ҳужжат келиб тушган бўлиб шундан, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабига 3 083 та, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабига 2 556 та, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаби ва филиалларига жами 37 146 та ҳужжат келиб тушган бўлиб, жумладан Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабига 17 502 та, мазкур мактабнинг Нукус филиалига 3 686 та, Андижон филиалига 8 651 та ҳамда Самарқанд филиалига 7 307 та ҳужжат қабул қилинган.
Маълумот учун, 179 та ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига 5 520 нафар, 7-синфига 2 208 нафар, шу жумладан: Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабига 120 нафар, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабига 40 нафар, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабига 120 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Изоҳ (0)