Netflix’нинг оламшумул машҳурликка эришган “Уэнздей” сериалининг иккинчи мавсуми Ирландиянинг Уиклоу графлигида суратга олинади. Мазкур лойиҳа мамлакат тарихидаги энг қиммат фильмга айланади. Бу ҳақда “Правила жизни” хабар бермоқда.
Ирландия кинематография кенгаши Screen Ireland қайд этишича, “Уэнздей” ушбу давлатдаги ишлаб чиқариш харажатлари бўйича энг қимматбаҳо ва йирик лойиҳа бўлиши кутилмоқда. Суратга олиш ишлари учун сарф этиладиган маблағ ҳажми маълум қилинмаган.
Шу муносабат билан, Ирландия бош вазири Саймон Харрис ҳамда маданият, спорт ва ОАВ вазири Кетрин Мартин суратга олиш майдонига ташриф буюрди. Улар режиссёр Тим Бертон ва сериал иштирокчилари билан учрашди.
Netflix компанияси раҳбарияти сўзларига кўра, сўнгги йилларда мазкур стриминг хизмати Ирландиядаги фильмлар ва телесериалларни суратга олиш учун катта сармоя киритмоқда. Улар орасида “Жадовилни қамал қилиш” (2016), “Мўжиза” (2022), “Викинглар: Валхалла” (2022) ва “Бодкин” (2024) каби лойиҳалар бор. Сериалнинг бош рол ижрочиси Женна Ортега иккинчи мавсумга продюсерлик ҳам қилади.
Аддамс оиласига бағишланган “Уэнздей” сериалининг биринчи мавсуми Руминияда суратга олинди, аммо сёмка пайтида ижодий жамоа логистика билан боғлиқ муаммоларга дуч келди. 2022 йилда тақдим этилган лойиҳа 250 миллион мартадан ортиқ кўрилди ва тўрт карра “Эмми” мукофотига сазовор бўлди.
Изоҳ (0)