Кимдир иссиққа чидамли, бошқанинг организми эса юқори ҳароратни кўтара олмайди. Сиз ишлайдиган офисда ҳам кондиционер пульти учун кураш ҳар куни такрорланадими? Бунинг устига об-ҳаво тобора исиб бормоқда.
Ҳамкасбларингиз ўртасида низолар юзага келмаслиги учун барча учун бирдек маъқул келадиган бир лайфҳак ўйлаб топдик, ахир, ўта паст даражада ишлаётган кондиционер ҳақиқатан ҳам турли касалликларга олиб келиши мумкин.
Мутахассислар кондиционер ҳарорат режимини ташқаридаги об-ҳавога қараб танлашни маслаҳат беради. Агар кўчада +30 ва хонада +16 даража иссиқ бўлса, бу нафақат совуқ қотишга, балки қон босимининг ошишига ва юрак фаолиятига ҳам таҳдид солади. Тавсия этилган хавфсиз ҳарорат фарқи 5 даражадир. Кондиционер +25 даражада бўлса ҳам хонада керакли салқинлик таъминланади ва саломатликка хавф туғдирмайди.
Салқин ҳавони хуш кўрмайдиганлар учун офисга иссиқ пайпоқ, енги узун кийим ёки пончо олиб боришни тавсия қиламиз. Иссиқ қаҳва ёки чой ҳам ёрдам беради. Атрофдаги ходимлар билан баҳслашишга не ҳожат? Иссиқ кунлар ўтиб кетади, аммо жамоада бирдам бўлиб ишламаслик иш фаолиятининг самарасига таъсир беради.
Бундан ташқари, кондиционер ёқилган офис ҳавоси мунтазам равишда алмаштириб турилишини унутмаслик лозим. Хонадаги кислород миқдори камайиб кетса, организм ўзини ёмон ҳис қила бошлайди: бош оғрийди, уйқучанлик, чарчоқ безовта қилиб, нафас олиш қийинлашади ва буларнинг бари иш сифатида акс этади.
Изоҳ (0)